Ўтган куни ёққан жала айрим фуқароларга қимматга тушди
Жорий йилнинг 6 апрель куни соат 15:00 – 18:00 оралиғида ёққан кучли ёмғир Самарқанд шаҳри ва айрим туманлардаги аҳоли хонадонларига катта талафот етказди.
Жумладан, Самарқанд шаҳрининг Чашмаи Хизр, Садриддин Айний каби ўнлаб кўчаларида, Оқдарё туманининг Даҳбед, Самарқанд туманидаги Гулобод маҳаллаларида жами 52 та хонадонга сув кириб, жиддий зарар етказган.
Айниқса, жала оқибатида Истиқлол маҳалласи, Чашмаи Хизр кўчасида жойлашган ўнлаб уйларнинг ертўлаларини сув босди. Учта хонадоннинг қўшимча бинолари, 2 та хонадон деворлари қулаб тушди. Шаҳарни кесиб ўтган “Чашма” ва “Сиёбча” коллектор-ариқларида тўпланиб қолган маиший чиқиндилар туфайли Регистон, Даҳбед, Рудакий кўчаларида катта миқдорда сув тўпланган.
- Кутилмаганда келган табиий офат аҳолига катта иқтисодий зарар етказди, - дейди вилоят фавқулодда вазиятларга қарши курашиш бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Рустам Аноров. - Бошқармамизнинг 84 нафар қутқарувчилари 14 та жанговар машиналарда оғир аҳволда қолган аҳолига ёрдам бериб келмоқда. Улар 40 дан зиёд хонадонларнинг ертўлаларида тўпланиб қолган сувни тортиб чиқаришди. Ўнга яқин ҳовуз ва зовурларни тозалаб, сувнинг оқиб кетишига шароит яратишди.
ФВБ қутқарувчилари нафақат жала туфайли тўпланган сувларни тозалаб муаммони бартараф этишда қатнашмоқда, балки уйларда қолиб кетган оғир аҳволдаги беморларни шифохоналарга олиб боришда ҳам ёрдам беришмоқда.
- Қутқарувчиларимиз Чашмаи Хизр кўчасидаги сув босган хонадонлардан бирида қон босими кўтарилиб кетган беморлардан бири ҳақида хабар топишади, - дейди Р.Аноров. – Вазиятни тўғри баҳолаб, бемор аёлга биринчи ёрдамни кўрсатиб, уни шифохонага етказишди.
Айни пайтда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан тегишли мутасадди ташкилотлар вакилларидан тузилган ишчи гуруҳ аҳоли хонадонлари ва бошқа объектларга етказилган зарарни жойида ўрганиб, тегишли хулоса ва таклифларни тайёрламоқда.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.