ОТМларда хотин-қизлар учун алоҳида грантлар ажратилади

Фармон билан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" каналида маълум қилинди.

Давлат дастурида Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари бўйича амалга ошириладиган қатор вазифалар белгиланди.

Жумладан, Давлат бошқаруви академияси магистратураси ва қайта тайёрлаш курсларига ҳар йили давлат грантлари бўйича умумий қабул квоталарининг камида 30 фоизи аёллар учун ажратилади.

Шунингдек, халқ билан мулоқот қилишнинг "қайта алоқа" воситалари жорий қилинади. Ҳукумат қарорлари ижросини ташкил этишда кенг жамоатчилик фикри ўрганилади.

Давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни ўрнатиш, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш мақсадида Жамоатчилик палатаси ташкил этилади.

Бундан ташқари, экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳамда ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик кучайтирилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар тўғрисида ягона ва очиқ статистик маълумотлар базаси яратилади.

Гастрол-концерт фаолиятида электрон билет тизими жорий этилади.

Тадбиркорлар учун ер участкаларига оид маълумотларни ҳаққоний етказиш мақсадида Ахборот дастури ва махсус портал яратилади.

Тадбиркорлик фаолияти ва рақобат муҳитига таъсир кўрсатувчи қонун ҳужжатлари ва техник ҳужжатлар сони 25 фоизгача қисқартирилади.

ОТМларда хотин-қизлар учун алоҳида грантлар ажратилади.

Арзон уй-жойлар қуриш дастури изчил давом эттирилган ҳолда, жами 12 256 та қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар қурилади.

“Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик куни” жорий этилади.

“Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони таъсис этилади.