Ўз-ўзига жарроҳ ёки қандай қилиб Леонид Рогозов ўзининг кўричагини кесиб ташлади

1960 йилнинг ноябрь ойида шифокор Л.Рогозов собиқ иттифоқ Антарктида экспедициясининг аъзоси бўлди. Гуруҳ Антарктидага ўша йилнинг декабрь ойида келди. 1961 йилнинг 29 апрелида шифокор ўзида ташвишли аломатларни сеза бошлади.

Тана ҳарорати ошиб, кўнгли айниди, ўнг томонининг қовурға билан қорни орасидаги мушакда кучли оғриқ ҳис қилди. 13 кишидан иборат экспедициядаги ягона шифокор Л.Рогозов ўзига ўткир аппендицит касали ташхисини қўйди. Консерватив даво усули (тинч ҳолат, очлик, оғриётган жойга совуқ қўйиш, антибиотиклар) натижа бермади.

Эртаси куни унинг тана ҳарорати яна ошди. Яқин Антарктида станцияларининг ҳеч бирида самолёт йўқ, бундан ташқари, ноқулай об-ҳаво шароити қирғоқдан 80 километр узоқликда жойлашган станцияга учиб кетишга йўл қўймасди. Қутбчи ҳаётини сақлаб қолишнинг бирдан бир йўли бу шошилинч операцияни ўтказиш ва бу вазиятдан чиқиш учун операцияни унинг ўзи амалга оширишида эди.

Рогозов операцияни 29 апрель тунда бошлади. Жарроҳга метеоролог Александр Артемьев ёрдам берди, у асбобларни етказиб турди, муҳандис-механик Зиновий Терлинский ошқозон тўғрисида кичик думалоқ ойна ва нурли стол лампасини ушлаб турарди.

Рогозов чап томонга бурилиб ётган ҳолда, жойга оғриқсизлантириш мақсадида новокаин эритмасини ўтказди, шундан сўнг у скальпель билан ўнг ёнбош соҳасига кесим қилди. Ойнага қараб ва пайпаслаб (қўлқопсиз) у яллиғланган қўшимчани олиб ташлади ва қорин бўшлиғига антибиотик эритмасини юборди. Умумий заифлик ва бош айланиши туфайли қисқа муддатли танаффуслар қилиб турди. 1 соат 45 дақиқа давом этган операция ярим тунда тугади. Беш кундан сўнг тана ҳарорати нормал ҳолатга келди, яна икки кундан кейин иплар олиб ташланди.

“Ўша пайтда ўзимга бошқа нарса ҳақида ўйлашга йўл қўймадим... Агар ҳушимни йўқотиб қўйсам, Саша Артемьев менга укол юборарди – мен унга шприц бериб, уни қандай қилишни кўрсатдим... Мен автоматик равишда иш режимига ўтдим ва шу вақтдан бошлаб ҳеч нарсага қарамасдан эътиборимни фақат операцияга қаратдим.

Аппендиксга етиш, ҳатто кўзгу билан ҳам осон кечмади. Бу асосан пайпаслаш орқали амалга оширилиши керак эди. Мен тобора заифлашиб борардим, юрагим тез ура бошлади. Ҳар тўрт-беш дақиқада 20-25 сония давомида дам олдим. Ниҳоят, бу лаънатли қўшимчани топдим. Уни олиб ташлашнинг энг сўнгги босқичида руҳан тушдим: юрагим чўкиб, сезиларли даражада секинлашди, қўлларим резинадан қилингандек эди. Бу ёмон тугаса керак, деб ўйладим. Қилишим керак бўлган нарса -  фақатгина аппендиксни олиб ташлаш эди, холос! Шундан сўнг мен нажот топганимни англадим!”- деган эди бу ҳақда Л.Рогозов.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.