Ўзбек давлатчилиги ҳуқуқий тизими шаклланишининг тарихий илдизлари

Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритганига чорак асрдан сал ошган бўлса-да, ўзбек давлатчилигининг шаклланиши қарийб уч минг йил олдин бошланган. Ҳар бир давлат тузилиши билан бир қаторда, ушбу давлатнинг ўз қонун-қоидалари, бошқарув асослари ва ҳуқуқий тизими шаклланиб боради.

Ўзбекистон ҳудуди қадимдан шарқ ва ғарбни боғловчи минтақа бўлганлиги боис ушбу ҳудудда турли хил одат ва анъаналар шаклланган. Ушбу анъана ва одатлар уруғ-қабилалар томонидан яратилган қонунлар билан биргаликда, жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий ҳамда маънавий муносабатларни тартибга солиб келган.

Ўзбекистон тарихига назар солсак, юртимиз ҳудудида қадимги давлатчилик ва ҳуқуқнинг турли даврда турли хил ҳолатда шакллангани кўзга ташланади. Жумладан, давлатда ўрнатилган дастлабки қонун-қоидалар қабилаларнинг урф-одатлари ва диний дунёқарашларига асосланган. Ўзбекистон ҳудудида шаклланган илк ёзма қонунчилик ҳақидаги маълумотларни Зардуштийликнинг муқаддас китоби бўлган “Авесто” орқали ўрганамиз. “Авесто” билан танишиб, унинг бир қанча шеърларида кишилар ўртасидаги ҳулқ-атвор қоидалари, оила ва ниқоҳ муносабатлари, жиноят ва унга бериладиган жазо ва бошқа қонунлар тўғрисида маълумотлар берилганлигини кўриш мумкин. Шу сабабли “Авесто” ўзбек давлатчилиги қадимги даврининг асосий ҳуқуқий манбаларидан бири, дейишимиз мумкин.

“Авесто”да ер-сув ва мулкчилик муносабатлари
Қадимги шарқ мамлакатларида ер билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш механизми ўзига хос хусусиятлар билан ривожланган. Мамлакатдаги барча ерлар расман ҳукмдорнинг ихтиёрида бўлиб, унинг ўзи томонидан чиқарилган қонун-қоидалар асосида ерга эгалик қилиш шакллари пайдо бўла бошлаган. Зардуштийларда яхлит бир агромаданият яратиш учун махсус ирригация тизими ва ер майдонларини жамоа аъзолари ўртасида тартибли тақсимланишига амал қилинган. Жиноят содир этганлик учун одамларга жазо тайинлаш турлари ичида сув иншоотлари куришда мажбуран ишлатиш чораси қўлланилиши ушбу меҳнат турининг оғир жисмоний меҳнат ҳисобланганлигидан далолат беради.

Мулкчилик ва қарз муносабатлари кишилик жамиятининг барча даврларида муҳим аҳамиятга эга бўлиб келган. Шу сабабли “Авесто”да ҳам ушбу муносабатларни тартибга солишга бағишланган алоҳида боблар ажратилган. Қарздорлик билан боғлик муносабатларни тартибга солиш мақсадида белгиланган қатъий қонун-қоидалар тузилган бўлиб, уларга биноан “қарзини тўламай, уни ўзлаштириб юборган” қарздор шахс жиноятчи ҳисобланган. Бундан ташқари, “Кимда ким қарзни ўз эгасига қайтармаса, унинг бу амали ўша омонатни ўғирлаган билан баробар”, деган қоида бўйича жазо тайинланган.

Шунингдек, “қўй қасами, “сигир қасами”, “экин қасами” каби кишиларнинг ўз мулкини ўртага қўйиб, қасам ичиш тартиблари ҳам мазкур манбада мавжудлиги ҳуқуқий муносабатлар қатъий ўрнатилганлигидан далолат беради. Ушбу қасамлар қўй, сигир ва экини ҳисобидан гаров эвазига қарз олиш учун қўлланилган. Бугунги кун қонунчилигида ҳам ушбу тартиб гаров тарзида фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари тизимида амал қилиб келмоқда. Зардуштийликнинг ушбу даврга келиб дастлабки шартномалардан бири ҳисобланган, айирбошлаш шартномаси ўз ўрнини олди-сотди шартномасига бўшатиб берганлигини кўриш мумкин.

“Авесто”да никоҳ ва оила муносабатларининг тартибга солиниши
“Авесто”да келтирилган яна бир муҳим ҳуқуқий масалалардан бири бу никоҳ ва оила муносабатларини тартибга солиш бўйича тузилган қатъий қонун-қоидалардир. Никоҳ ва оила муносабатларига “Авесто”да алоҳида боб ажратилганлиги эса ўзбек минталитетининг ажралмас бўғини бўлмиш оиланинг қадимдан муқаддас ҳисобланганлигини тасдиқлайди.

Шунингдек, “Авесто” қонунларида фарзанд тарбияси масаласига катта эътибор қаратилган. Ўғил болалар тарбияси бўйича ўрнатилган талабларга кўра, улар 50 дан ортиқ ҳарбий қурол ишлата олишни билишлари ва турли хил ҳунарлардан ташқари, 32 хил ҳарбий ҳунарни билишлари керак бўлган. Қиз болалар эса ип йигириш, либослар тикиш, пазандачилик каби уй ҳунармандчилиги билан бир қаторда, қиличбозлик, сувда сузиш, камондан ўқ отиш каби ҳарбий малакаларни ҳам эгаллаши шарт бўлган. Шахснинг болалар тарбиясига бўлган масъулияти ижтимоий назорат тизими орқали жамоа аъзолари ва уруғ оқсоқоллари томонидан кузатиб борилган. Ушбу ижтимоий назорат тизимига кўра, қиз болалар 15 ёшда, ўғил болалар эса 16 ёшида оқсоқол бошчилигидаги жамоа олдида юқорида белгиланган тарбияларни олганлиги ва эгаллаганлик даражаси махсус имтиҳон орқали текширилган. Имтиҳондан ўтган қизлар “уй бекаси”, ўғил болалар “оила бошлиғи” бўлиш ҳуқуқини қўлга қиритган. Ўсмирлар 15-16 ёшларида балоғатга етган ҳисобланиб, турмуш қуриш ҳуқуқига эга ҳисобланишган.

Оила ва зурриёт қолдириш муқаддас ҳисоблангани боис бундай қобилиятга эга бўла туриб оила қурмаган йигитга тамға босилиб, белига занжир боғлаб юришга мажбур қилинган. Саломатлиги яхши бўлиб, турмуш қурмай юрган қиз бола ер юзида зурриётини кўпайтиришга қарши ҳисобланган ва унга жазо сифатида қопга солиниб, 25 дарра калтакланган.

“Авесто”да жиноят ва жазо масалалари
Зардуштийлик даври содир этилган жиноятлар учун мавжуд қатъий қасосли жазо чораларини эркинлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратганлиги билан ҳам ҳарактерланади. Авесто манбаларида келтирилишича зардуштийлар ибтидоий жамоа тузумига хос бўлган қонли қатъий жазо чораларини бекор қилади. Ушбу тоифадаги жазо чораларининг ўрнига жабрланувчи ёки қариндошларига ҳақ тўлаш тартибларини жорий этади. Ушбу тартибларнинг амалда қўлланилиши натижасида оила ва никоҳ, ҳамда жиноят ва жазо нормалари ўртасидаги ўзаро боғлиқлик таъминланган. Зардуштийлик даврида жорий этилган жиноий жазоларни либераллаштиришнинг ушбу тартиблари ҳозирги кун қонунчилик амалиётида ҳам қўлланилиб келинмоқда.

“Авесто”дан кейинги ёзма қонунлар сифатида Беҳистун қояларида акс эттирилган форс шохи Доро I томонидан босиб олинган ўлкаларда “жорий” қилинган қонунлар тўплами, македониялик Александар томонидан жорий этилган “ҳуқуқий одатлар” тўплами учрайди. Ўзбекистонда қадимги даврда деҳқончилик асосий ишлаб чиқариш соҳаси бўлгани боис мулк ҳуқуқида ерга эгалик қилиш ҳуқуқи марказий ўринни эгаллаган бўлиб, бу даврда шаклланган дастлабки қонунлар сифатида ҳам айнан мулкий муносабатларни тартибга солувчи қонунлар ўз аксини топган.

Бекзод АБДУЛЛАЕВ,
Юристлар малакасини ошириш маркази масъул ходими.