Ўзбекистон ва Россия ҳарбийлари биргаликда жанговар тайёргарлик машғулотларини бошлади
Ўзбекистон ва Россия ҳарбий мутахассислари ҳамкорликда Нуробод туманидаги «Сазағон» дала-ўқув майдонида жанговар тайёргарлик машғулотларини бошлади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Марказий ҳарбий округга қарашли ушбу дала-ўқув майдонида округ тасарруфидаги ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг Россия ҳарбий мутахассислари билан ҳамкорликдаги ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ўтказилаётган жанговар тайёргарлик машғулотлари бошланган.
Унда ҳарбий хизматчилар жанговар тайёргарлик машғулотларини замонавий талабларга мос равишда ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда янги усул ва услублар юзасидан ўзаро тажрибалар алмашади.
Хусусан, «БТР-82» жанговар техникасининг мўлжалга олувчи оператор ва механик ҳайдовчиларини тайёрлаш, «AГС-17» ва «РПГ-7» гранатомёти ҳисоби мутахассислиги, ўқчи, мерган ҳамда артиллерия мутахассисликлари бўйича ўзаро ҳамкорликда жанговар тайёргарлик машғулотлари олиб борилади.
«Бундан кўзланган асосий мақсад икки мамлакат орасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳамжиҳатликни ошириш, жанговар машғулотларни бажаришдаги кўникма ва тажрибаларни алмашишдан иборат. Aйни вақтда ҳар икки томоннинг ҳарбий хизматчилари назарий машғулотлар орқали билим ва кўникмаларини мустаҳкамламоқда», дейилади хабарда.
Ушбу машғулотлар 14 кун давом этади. Унда ҳар икки томон ҳарбий хизматчилари эгаллаган билим ва кўникмаларини кундузги ва тунги шароитларда амалий жанговар тайёргарлик машғулотлари асосида олиб боради.