Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон оламдан ўтди
Бугун, 11 апрель куни Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Анвар Обиджон оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати маълум қилди.
Анвар Обиджон 1947 йил 8 январда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида туғилган.
ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. "Она ер", "Эй, Ёруғ дунё", "Оловжон ва унинг дўстлари", "Безгакшамол", "Аканг қарағай Гулмат", "Масхарабоз бола", "Жуда қизиқ воқеа", "Ерликлар", "Мешполвоннинг жанглари", "Аламазон ва Гулмат ҳангомаси", "Ажойибхона", "Олтиариқ ҳангомалари", "Одобли бўлиш осонми?", "Танланган шеърлар", "Ўғирланган паҳлавон", "Баҳромнинг ҳикояси" каби достон, қиссалар, шеърлар, пьесалар ва ҳажвий асарлардан иборат тўпламлар муаллифидир.
Унинг "Қўнғироқли ёлғончи", "Топсанг ҳай-ҳай", "Қоринботир", "Тўтиқул" каби асарлари мамлакатимиз театрларида саҳналаштирилган.
Адиб 1997 йилда “Шуҳрат“ медали, 2011 йилда “Фидокорона хизматлари учун“ ордени билан тақдирланган.
Марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.