Ўзбекистонда давлат хизматчилари даромадлари ва мол-мулки декларация қилинади
Ўзбекистонда давлат хизматчилари даромадлари ва мол-мулки декларация қилинади
Ўзбекистонда 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари даромадлари ва мол-мулки декларация қилинади. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» хабар берди.
Давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади.
Декларацияни беришдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва жавобгарликка сабаб бўлади. 2022 йил 1 январдан давлат хизматчиларига хорижда банк ҳисоб рақамларини очиш, нақд пул маблағларини сақлаш ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади.
Мансабдорнинг ўз шахсий манфаати мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига таъсир кўрсатувчи ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар манфаатлар тўқнашуви ҳисобланади. Уни ошкор қилиш ва олдини олиш бўйича чора кўрмаганлик жавобгарликни келтириб чиқаради.
Қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади:
Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш;
коррупциявий жиноятларга жазони узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш;
даромадлар ва мол-мулкни декларациялашда аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш;
коррупциявий жиноятлар содир этганларга енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар белгилаш;
«Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида»ги;
«Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида»ги.