Ўзбекистонда ҳуқуқ фанидан ҳам миллий сертификат жорий этилди

Бу бўйича Президент фармони қабул қилинди. Шунингдек, фармонга кўра, юриспруденция ҳамда давлат ва жамият бошқаруви таълим йўналишида бакалавр даражасига эга бўлган шахсларга қайта тайёрлов курсларидан ўтмасдан умумий ўрта таълим мактабларида Давлат ва ҳуқуқ асослари фани бўйича дарс беришга рухсат этилади.

Тошкент давлат юридик университетида “Юриспруденция” бакалавриат таълим йўналишидан бошқа турдош таълим йўналишлари битирувчилари учун икки йиллик магистратура мутахассислиги жорий қилинади.

Қашқадарё юридик техникуми негизида Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейи ташкил этилади.

Университетнинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи курс талабалари учун юридик таълим дастурларининг 50 фоизи (назарий қисмлари) аудиторияларда, 50 фоизи (амалиёт қисми) суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа юридик соҳага оид ташкилотларда ўтказилади.

Университетнинг учинчи ва тўртинчи курс талабаларини давлат ташкилотларига, нотариат ва адвокатлик тузилмаларига иш юритувчи, юрисконсульт ёрдамчиси сифатида ишга қабул қилишга рухсат этилди.

Университетда факультет деканлари, департамент бошлиқлари ва марказ раҳбарларини икки ўқув йили муддатига сайлаш амалиёти жорий этилади, бунда бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ мазкур лавозимларга сайланиши мумкин эмас.