Ўзбекистонда коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморларнинг бир нафари ўта оғир ҳолатда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 472 нафарни ташкил этяпти. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клинкасида даволанаётган 92 беморнинг 23 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, 5 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 66 бемордан 1 нафарининг аҳволи ўрта оғирликда, 1 нафариники эса ўта оғир.

Ҳурматли юртдошлар!

Коронавирусга чалинган беморлар Тошкент шаҳридан ташқари яна 8 та вилоят юқумли касалликлар шифохоналарида даволанаётгани тўғрисида маълумот берган эдик. Бу беморлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда доимий яшайдиган фуқаролардир. Улар қайси чартер рейс билан қаерга олиб келинган бўлса, айнан шу ерда тиббий кузатувга олинган. Беморлар эса тегишли тиббий муолажаларни оляпти. Бирон бир ҳудуд фуқаролари бизда касаллик чиқмади, деган фикр қилиши керак эмас. Касалликка чалинганлар республикамизнинг барча ҳудудларидан аниқланган. Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир ҳудудга касаллик кириб келиши эҳтимоли йўқ эмас.

Шундай экан, ҳар бирингиз сергак бўлинг. Уйда қоладиган бўлсангиз касаллик уйингизга кирмайди, оилангизни шу дардга мубтало қилмайсиз.

Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман: сиз касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлдингизми, бу маълумотни яширманг, тиббиёт ходимларини, эпидемиологларни чалғитишга уринманг, дарҳол бу ҳақда хабар беринг. Ўзбошимчалик билан уйда қолиб даволанманг. Касалликнинг бирон белгиси пайдо бўлиши билан, уйингизга тиббиёт ходимини чақиринг. Шундагина касаллик оила аъзоларингизга, яқинларингизга юқишининг олдини оласиз ва ўзингизда жиддий асоратлар бўлишига йўл қўймайсиз.

Карантин – бу синов муддати. Ҳанузгача, минг афсуски, одамларимиз бу ҳолатни англаб етмаяпти, бепарво. Қайсидир хонадонга касаллик кириб боргандагина уларнинг кўзи очиляпти. Бу фикрларни бежизга қайта-қайта айтаётганимиз йўқ. Ҳар бирингизни огоҳлантириш бизнинг вазифамиз, ҳушёр бўлиш, масъулиятни ҳис қилиш эса сизнинг зиммангиздаги вазифа эканини унутманг!