Ўзбекистонда полиомиелит ва ўткир шол фалажининг фаол эпидемиологик кузатуви кучайтирилди
Тожикистонда хавфли полиомиелит касаллиги тарқалгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистонга четдан ёввойи полиовируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида полиомиелит ва ўткир шол фалажининг фаол эпидемиологик кузатувини кучайтириш мақсадида зарур чоралар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда Cанитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, республика ҳудудига четдан ёввойи полиовируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида барча соғлиқни сақлаш муассасалари ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлпиги хизматининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари раҳбарлари хабардор қилиниб, полиомиелит ва ўткир шол фалажининг фаол эпидемиологик кузатувини кучайтириш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қайд этилишича, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлаги хизмати томонидан республикада полиомиелит касаллигининг олдини олиш ва тарқалишига қарши профилактик ва эпидемияга қарши чоралар ЖССТ тавсияларига мувофиқ амалга оширилмоқда. Республикада полиомиелит касаллиги учрамайди, лекин чет давлатлардан кириб келган шахслар маҳаллий аҳолига юқтириши мумкин. Бугунги кунда Тожикистон ва Афғонистонда полиомиелит касаллиги аниқланмоқда. Ушбу давлатлар билан иқтисодий алоқалар яхши йўлга қўйилган бўлиб, фуқароларнинг кириб-чиқиши учун шароитлар яратилган.
Ўткир паралитик фалажни назорат қилиш бўйича эпидемиологик вазиятни ўрганиш учун Сурхондарё вилоятига мутахассислар сафари уюштирилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон давлат чегарасининг санитария назорати пунктларида ва даволаш-профилактика муассасаларида ўткир шол фалажининг фаол эпидемиологик кузатувини кучайтиришни ташкил этиш ва 5 ёшгача бўлган болаларни эмлашга тайёрлаш бўйича амалий ва маслаҳат ёрдами кўрсатилди. Сурхондарё вилояти ҳудудида ёввойи полиовируснинг иккинчи тури тарқалишининг олдини олиш мақсадида 10–20 март кунлари 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида оммавий эмлаш ўтказилди.