Ўзбекистондан Россиянинг 10 та шаҳрига автобус қатновлари йўлга қўйилади

Жорий йилнинг декабрь ойидан бошлаб Ўзбекистондан Россиянинг Москва, Самара, Петербург, Уфа каби 10 та шаҳрига мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилади.

ЎзАнинг ёзишича, “Uzavtotrans Service” МЧЖ корхонасига банклардан биридан олинган 20 миллион доллар кредит маблағи ҳисобидан Хитойнинг “Zhengzhou Yutong Bus Co Ltd” компаниясидан 168 дона замонавий автобус ва эҳтиёт қисмлар олиб келинган.

“Uzavtotrans Service” МЧЖ корхонаси томонидан келаси ой – декабрдан бошлаб Россиянинг 10 та шаҳрига мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

– Айни пайтда 19 та маҳаллий ва 10 халқаро, жами 29 та йўналиш бўйича йўловчиларга хизмат кўрсатяпмиз, – дейди “Uzavtotrans Service” МЧЖ бош директори А.Ҳамролиев. – Келаси ойдан бошлаб халқаро йўналишлар яна 10 тага ортади. Йўналишларга замонавий 168 та автобус қўйилган.

Қайд этилишича, йўналишга чиқаётган автобус техник, ҳайдовчилар эса тиббий кўрикдан ўтказилади, автобусларнинг санитар ҳолати назорат қилинади. Қатнов жараёни GPS тизими орқали онлайн тарзда назорат қилиб борилади.