Ўзбекистонликлар Татаристон йирик ишлаб чиқариш компанияларида ишлаши мумкин

Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси делегацияси Самарқандга келди.

Самарқанд шаҳридаги "Мономарказ"да Татаристон Республикаси меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Элмира Зарипова, таълим ва фан вазири Илсур Ҳадиуллин бошчилигидаги делегация аъзолари кадрлар тайёрлаш масалалари бўйича учрашув ўтказди.

Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мутасаддилари, вилоятдаги ташкилот раҳбарлари, профессионал таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари директор ҳамда ўринбосарлари қатнашди.

Шунингдек, учрашувда Татаристон Республикасининг вазирликлари ҳамда йирик ишлаб чиқариш ва қурилиш саноати компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Музокара давомида профессионал таълим соҳасида бугунги ривожланаётган меҳнат бозори учун ҳамкорликда малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг Татаристон йирик ишлаб чиқариш компанияларида муносиб бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, мулоқотда икки давлат профессионал таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ва соҳа ўқитувчилари малакасини ошириш борасида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга келишиб олинди.

Шу куннинг ўзида делегация аъзолари Самарқанддан Навоий вилоятига жўнаб кетди.