«Ўзингда йўғини бировдан ололмайсан»: Ҳуқуқшунос ва олим Тошмурод Жабборовни йўқлаб
Тошмурод ака билан бир факультетда ўқиганмиз, 1973 йилда СамДУ ўзбек ва тожик филологияси факультети комбюро раислигини у кишидан олгандим. 1972 йилда аълочи ва фаол талабалар республика слётида ҳам бирга қатнашганмиз.
Тақдирни қарангки, 1988-1989 йилларда вилоят партия қўмитасида ҳам бирга ишладик. Хуллас, бир-биримизни яхши билишимиз учун вақт етарли бўлган. Бунинг устига, ҳамкасбим Жамол Турсунов (жойи жаннатдан бўлсин) курсдоши бўлганлиги учун Тошмурод ака яшайдиган Найман қишлоғига бизни бошлаб борарди. Иззатой янгам бизларга дастурхон тузашдан оғринмасди.
Гап шундаки, мен бу инсоннинг қалбини англаб етганман. Талабалигидаёқ (эҳтимол техникумни битириб келгани учунми) унга домламиздек мурожаат қилардик. Ахир давлат стипендианти, қолаверса, иқтидорли талабанинг салоҳияти шундай бўлади-да. Домлалар ҳам Тошмурод аканинг қадрини жойига қўйишарди.
Т.Жабборов гарчи дипломни олгандан сўнг ички ишлар тизимига ўтган бўлса-да, илмни маъқул кўрди. ИИБ олий мактабида ўқиди. Озгина тажриба орттиргач эса унинг академиясида таҳсил олиб, фан номзоди деган мавқега эришди. Камгина бўлса-да, илм билан шуғулланганлар бундай ютуқларга эришиш қанчалик мураккаб эканлигини яхши билишади. Лекин Т.Жабборов ҳамиша ҳушёр ва шавқли бўлиб ишлади.
1988 йилда у киши билан вилоят партия қўмитасида бирга ишладик. Дадиллиги ва жасоратига қойил қолардим, ҳар бир топшириққа масъулият билан ёндашишига ҳавас қилардик. Йиғилишларда муаммони ҳам кўндаланг қўя оларди. Ана шундан кейин у киши анча вақт Каттақўрғон тумани судининг судьяси вазифасида ишлади. Пенсияга чиққач эса адвокатлик фаолияти баробарида Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида талабаларга дарс берди.
Т.Жабборов бағрикенг, шу билан бирга, талабчан зиёли эди. У киши, аввало, ўзига талабчан эди. Ҳар суҳбатнинг бирида «Укалар, ўзингизда йўқ нарсани бировдан ола билмайсиз, ҳар нарсага ҳавас қилманг, ўзингизга ишонинг», деб қайта-қайта айтарди.
Тошмурод ака оддий бўлса-да, маърифатли оилада катта бўлган. Ака-укаларнинг барчаси олий маълумот олгани ҳам фикримизнинг исботидир. Зеро, ўзининг беш нафар фарзанди ҳам олий маълумот олиб, бугун эл хизматида.
Таниқли ҳамкасбим Жамол ака Турсунов дўсти ҳақида доим бир гапни такрорларди: «Тошмурод тошдай қатъиятли, албатта, муродига етадиган одам. Бундай фазилатлилар доим жамиятда беиз қолмайди». Ҳақ гап, бугун Тошмурод акани биров курсдош, биров синфдош, биров сафдош, биров устоз, хуллас, яхши одам сифатида йўқлаб турибди. Боқийлик дегани ана шу бўлса керак.
Фармон ТОШEВ.