O‘zLiDeP 2014 йилги сайлов олди дастурида белгилаган вазифаларнинг қанчаси амалга ошди?
Самарқанд ветеринария медицина институтида ўтказилган “Менинг биринчи овозим” лойиҳаси доирасида уюштирилган учрашувда талабалар партия фаолларига шу савол билан мурожаат қилишди.
Тадбирда O‘zLiDeP вилоят Кенгаши бўлим мудири Қодир Шойимов сўзга чиқиб, ўтган 5 йилликка мўлжалланган сайловолди дастурининг 98 % бажарилганлигини алоҳида эътироф этди.
Шунингдек учрашувда талабалардан Сайлов кодекси, партиянинг янги Сайловолди дастурида ёшлар ва таълим тизими йўналишларида белгиланган вазифалар юзасидан саволлар келиб тушди.
Учрашувда сўзга чиққанлар жорий йилги сайловлар бутунлай янгича муҳитда, янгича ҳуқуқий шароитда ўтиши, ушбу сиёсий жараёнга Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам жиддий тайёргарлик кўраётганлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, партиянинг янги сайловолди дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифалар ҳақида иштирокчиларга маълумотлар берилди.
Хусусан, жорий йилги сайловлар мамлакатимиз тарихида илк бор Сайлов кодекси асосида ўтказилаётганлиги, бу эса сайловнинг қонунийлик, шаффофлик, очиқлик шароитида ўтишининг яна бир ёрқин ифодаси эканлигини алоҳида эътироф этишди.
Савол-жавобга бой тарзда ўтказилган тадбирда “Сиз O‘zLiDePни биласизми?” мавзусида викторина ташкил этилиб, ғолибларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.
Бахтигул ҚАРШИЕВА.