Пандемиядан Рим империяси ҳалок бўлганди

Агар коронавирус узоққа чўзилса, Европа Иттифоқи бузилиб кетиши мумкин. Қатор ғарб мамлакатлари экспертларининг тусмоли шундай. “Мир новостей” (2020 й, 22-сон) ҳафтаномасининг ёзишича, инсоният тарихида шундай можаро бўлган экан.

Эрамизнинг II асрида ҳали коронавирус бўлмаган, аммо жуда кўп бошқа юқумли касалликлар юзага келган. Улардан энг хатарлиси Ҳиндистон ва Хитой ҳудудларидан келган табиий чечак бўлган. Римликлар учун бу янги касаллик бўлиб, унга қарши мутлақо кураша олишмаган, ҳеч кимда иммунитет ҳам бўлмаган. Оқибатда аҳолининг учдан бир қисми –беш миллион киши ўлган. Аммо Рим империясини ушбу даҳшатли касаллик эмас, император ва ҳокимиятни қамраб олган танглик, бошбодоқлик, аҳолининг саросимага тушиши ҳалок қилган. Натижада жаҳоннинг иқтисодиёти энг гуллаб-яшнаган қудратли империяси пароканда бўлган.

Рим империясининг тараққиёти тарихда юксак ҳарбий ва маданий цивилизация –олтин аср деб аталган. У тахминан эрамизнинг II асридан императорлар Троя ва Адриан ҳукмдорлигининг охиригача чўзилган.

Тарихий маълумот: чечак эпидемияси энг яхши икки рим императори –Луция Вера (169 йилда вафот этган) ва унинг издоши Марк Аврелия (180 йилда вафот этган) умрларига зомин бўлган.

Рим тарихчиси Дион Кассий ёзишича, 185 йилда ўтиб кетган касаллик ўн йилдан кейин яна қайтган ва кунига икки минг нафаргача римликларнинг ёстиғини қуритган. Нафақат аҳоли, балки Рим армияси ҳам урушдагидан баттар талофат кўрган. Эпидемия Рим империясининг иқтисодий ва сиёсий ҳаётига ўнглаб бўлмас зарар етказган. Эпидемияга маҳкум бўлган аҳоли очлик ва қашшоқликдан маҳаллий бой ер эгаларини талаганлар, империя ерларида ҳокимиятсизлик бошланган, императорларнинг атрофидаги гумашталар ҳокимиятни қўлга олиш пайига тушишган. Натижада Марк Аврелия ҳукмдорлиги пайтидаги меросхўр, император Коммод даврида қонли фуқаролар уруши бошланган ва эпидемия билан бир қаторда минглаб одамларга қирон келтирган.

Мамлакат узил-кесил боши берк кўчага кирган. III аср давомида римликлар императорларни худди қўлқопдек алмаштиришган. Бу эса империянинг парчаланиб, узил-кесил қулашига олиб келган.

Рим империяси ҳалокати ҳақидаги расмий тахминда айтилишича, инсоният тарихидаги энг улуғвор империя иқтисодий муаммолар туфайли таназзулга юз тутган. Хатарли эпидемия ҳуружи пайтида ҳокимиятнинг мамлакатни бошқаришдаги уқувсизлиги оқибатида империяда парокандалик бошланган.

Табиий чечак –уни қора чечак ҳам дейишади, келиб чиқиши ўта юқумли бўлган хавфли вирусли касаликдир. Ҳаво-томчи йўли билан юқади. Оғир заҳарланиш билан намоён бўлади. Терида қуюқ сув чечак пайдо бўлади, ўрнида чуқур чўтирлар қолади. Биринчи табиий чечак Шарқ мамлакатлари –Хитой, Корея, Япония бўйлаб тарқалган. Унинг эрамиздан уч минг йил олдин Хитойда пайдо бўлгани ҳақида маълумот сақланиб қолган.

Т.Шомуродов тайёрлади.