Партия танлов ўтказади
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши томонидан ҳамкор ташкилотлар билан давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорини кенг тарғиб қилишга доир давра суҳбати ўтказилди.
Қайд қилинганидек, 8 та йўналишни ўз ичига партия сайловолди дастурида расмий ҳамда оммавий муомалада ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари бузилишининг олдини оладиган аниқ ва мақсадли ишларни олиб бориш асосий масалалардан бири сифатида белгиланган. Бу борада 21 октябрь куни партия вилоят кенгаши ҳузурида “Ўзбек тилини ўқитиш маркази” очилди.
Бир неча йилдирки, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Навоий ворислари” лойиҳасида буюк мутафаккир ижодига бефарқ бўлмаган, унинг ғазалларини тўлиқ ёд оладиган ва ғазал матнидаги тушуниш қийин бўлган сўзларни изоҳлаб берадиган 14 мингдан ортиқ иқтидорли ёшлар кашф этилди.
- Сўз мулкининг султони ижодига қизиқиш ва уни ўрганишга интилиш “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан ўтказилаётган “Навоий ворислари” танловига тайёргарлик жараёнида янада ортган, - дейди танловнинг 2018 йилги иштирокчиси Севинч Юсупова. - Бу йил шу интилишим ва партиянинг хайрихоҳлиги натижасида Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси бўлдим.
Партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида Навоий ижодини том маънода халқ мулкига айлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу боис, “Навоий ворислари” кўрик-танловининг қамровини янада кенгайтириш назарда тутилган. Шоир таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги Президент қарорида бу ташаббуснинг қўллаб-қувватлангани Навоийнинг яна минглаб издошларини кашф этиш ҳамда ёшларнинг китобга бўлган муҳаббатини оширишда беқиёс аҳамият касб этади.
Озода НОРИМОВА,
партия вилоят кенгаши бош мутахассиси.