Паст Дарғомда ўтказилган фестивалда 8 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди

Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида Паст Дарғом туманида ''Юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида бирлашайлик'' лойиҳаси асосида фестиваль бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон миллий тикланиш демократик партияси вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур фестиваль доирасида Гўзалкент қўрғонидаги 2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортнинг миллий кураш тури бўйича мусобақа ўтказилди. Унда 3 вазн тоифасида 50 нафардан зиёд ёшлар ўзаро куч синашди.

Туман тиббиёт коллежида ташкил этилган “Бугунги дунёнинг мафкуравий манзараси, глобаллашув шароитида мафкуралар тўқнашуви ва унинг оқибатлари” мавзусида ўтказилган тадбирда бузғунчи ғоялар ва ёт иллатлар таъсирига тушиб қолмаслик ҳақида сўз борди.

Жума шаҳридаги истироҳат боғида ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларидаги 50 га яқин бўш иш ўринларини ишсизларга тақдим этди. Тадбирда 8 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.