Пахтачилик 10 нафар ёшларга адлия ёрдамида ер ажратилди

Пахтачи туман Давлат хизматлари марказига "Тадбиркор" маҳалласидаги 10 нафар ёшлар вилоят адлия бошқармасига бириктирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш кўзда тутилган. Ўрганишлар давомида уларнинг деҳқончилик учун ер майдонига эҳтиёжи борлиги маълум бўлди.

Марказ раҳбарияти томонидан уларга аукционда иштирок этиш учун электрон рақамли имзолар олиб берилди ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Онлайн савдоларда ғолиб бўлган 10 нафар ёшларга ер майдонлари ажратиб берилди. Ёшлар эндиликда мазкур ер майдонларида “бир массив — бир маҳсулот” тамойили асосида сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинлар, боғдорчилик-узумчилик, доривор ўсимликлар, чорва озуқаси экинларини етиштиришлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, туман ҳокимликлари захирасидаги 60 минг гектар ер майдони электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун ёшларга ижарага берилмоқда. Бу орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни қамраб олувчи янги тизим жорий этилди. Унга кўра, электрон онлайн аукцион савдолари ғолиблари ер участкаси нархини 10 йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб тўлаш имкониятига эга.

Адлия томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар ёшлар бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишга хизмат қилади.

Мансур Ҳасанов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ходими.