Пайариқ туманида жамоатчилик эшитуви ташкил қилинди
Жорий йилнинг 12 ноябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилояти бўлинмаси ташаббуси билан Пайариқ туманида “Ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар” юзасидан жамоатчилик эшитуви ташкил қилинди.
Маълумки, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганига ҳали кўп вақт бўлмади. Ушбу қонун билан мамлакатда жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асоси яратилди ва унда жамоатчилик назоратининг шакллари, уларни амалга ошириш тартиблари батафсил белгиланди.
Жамоатчилик эшитуви – бу давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг фаолиятига тааллуқли ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ёхуд фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамият манфаатларига дахлдор масалаларни муҳокама қилиш учун ташкил этиладиган йиғилишдир. Жамоатчилик эшитувини нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари ўтказиши, шунингдек, унинг оммавий ва очиқ тарзда ўтказилиши белгиланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Пайариқ туманида ташкил қилинган мазкур жамоатчилик эшитувида туман ҳокими Дилшод Мусинов, шунингдек, туманда ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлашга масъул бўлган мутасадди раҳбарлар, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мутахассислари, туман Кенгаши депутатлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.
Тадбир давомида туманда ёшлар ва хотин-қизлар сиёсатига оид амалга оширилган ишлар, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ҳолати ҳамда соҳада дуч келинаётган муаммолар тўғрисида, оғир турмуш шароитига тушиб қолган, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар билан ишлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича, шунингдек, ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги, ишсизлик даражаси, янги иш ўринларини ташкил этиш, бандликка кўмаклашиш марказига қилинаётган мурожаатлар борасида жамоатчилик эшитуви иштирокчиларига батафсил ахборот берилди.
Таъкидлаш жоизки, жойларда ташкил этилаётган бу каби жамоатчилик назорати тадбирлари Давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг самарали ижроси таъминланишига, пировардида фуқаролик жамиятининг ривожланишига хизмат қилади.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси.