Пайариқдаги “қизил” тоифадаги мактаблар бу ҳолатдан қандай чиқиб кетади?
Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим тизимига эътибор давлат сиёсати даражасига чиқди. Фидойи ўқитувчилар, ўқувчилар шунга яраша масъулиятни ҳис қилиб ўқитмоқда, таҳсил олмоқда. Мактабларнинг умумий аҳволига қараб “яшил”, “сариқ”, “қизил” тоифаларга ажратилгани бугунги мактаблар кечагидек эмаслигини яна бир бор исботлайди.
Бугунги кунда Пайариқ туманидаги 99 та мактабнинг 15 таси “қизил” тоифасида. Хўш, бу мактаблар қандай қилиб “қизил” тоифага тушиб қолди? Ундан чиқиб кетиш чора-тадбирлари белгиланяптими?
- Биздаги айрим мактабларда ўқув жараёни деймизми, ўқувчиларнинг олий ўқув юртларига кириб ўқишни давом эттириши деймизми, кадрлар масаласими, қўйингки, ўз ҳолига ташлаб қўйилган, - дейди туман халқ таълими бўлими мудири Ўткир Турғунбоев. - Кейинги икки йил давомида бирорта ўқувчиси олий ўқув юртига ўқишга кираолмаган мактабни нима деб аташ мумкин?
Ҳозир “қизил” тоифага тушиб қолган мактаблар билан алоҳида ишлаяпмиз. Уларнинг орасида 10-15 йилдан буён директор вазифасида ишлаётганлари ҳам бор. Шулардан олтита мактабнинг директори ишдан олинди. Улар ўрнига ғайратли, ёш, масъулиятни ҳис қиладиган кадрларни танлаб олдик. Масалан, 43-мактабни олайлик. Бу ўқув даргоҳига Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиалида ишлаб келаётган Ғолиб Тулишевни директор вазифасига ишга таклиф қилдик. Бундан ташқари, 82-мактабга 75-мактаб директори ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Жаҳонгир Рўзиевни директор этиб тайинладик. Чунки у ўтган йили 25 нафар ўқувчини олий ўқув юртига тайёрлаган. Уларнинг 24 нафари олий ўқув юрти талабаси бўлди.
Тўғри, бу билан биз қойиллатиб ишлаяпмиз, деб айтолмайман. Замон биздан бундан ҳам залворлироқ натижаларни кутяпти. Биз бу ҳақда чора-тадбирларни белгилаганмиз. Нима қилсак, мактабни ана шу “қизил” тоифадан чиқарамиз?
Битирувчилар билан кўп суҳбатлашаман. Аксарият ўқувчилар осмондаги ойни кўзлайди. Тошкент жаҳон тиллари, ҳуқушунослик университетларига ўқишни хоҳлашяпти. Тўғри, уларнинг фикрига қарши чиқмайман. Суҳбатларда уларнинг бу олий даргоҳларда ўқиши учун кўпроқ билимга эга бўлиши кераклиги шундоққина билиниб турибди. Шунинг учун бу ёшлар билан билимларига монанд олий ўқув юртларига топшириш тавсия этиляпти. Шунга яраша ўқув дарслари кучайтириляпти. Бола билимига яраша институтда ўқисин. Ҳар йили топшириб киролмагандан кўра, билими етган институтда ўқигани маъқул. Буни уларга, ота-оналарига ва албатта ўқитувчиларга тушунтиряпмиз.
Ҳусниддин Холдоров.