Пайариқлик беш фуқаро паспорт оладиган бўлди

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган шаҳар ва туманлардаги сектор раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишларни жойида ўрганиш ва уларнинг ҳисоботини эшитиб борадиган жамоатчилик назорати гуруҳлари айни пайтда Пайариқ туманидаги маҳаллалардаги ҳолатни ўрганмоқда.

Ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат гуруҳлар аъзолари хонадонларга кириб, аҳолини ташвишлантириб келаётган муаммолар, кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва муҳтожларни қийнаётган камчиликларга ечим топишга ҳаракат қилмоқда.

- Шу кунгача гуруҳ аъзолари билан маҳалламиздаги юздан зиёд хонадонга кириб 45 та турли ижтимоий муаммоларни қайд этди, - дейди тумандаги Гулзор маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ж.Қобилов. – Турли сабаблар билан фуқаролик паспортига эга бўлмаган 5 нафар маҳалладошларимизга бугуннинг ўзида туман ички ишлар бўлими миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. Икки нафар эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам кўрсатиш чораси кўрилди. Маҳалла учун бириктирилган 2-сектор раҳбари ва туман ҳокимлигига ишсиз фуқароларимизнинг бандлигини таъминлаш, суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш, уй-жой масалаларига доир талабномалар киритилди.