Пайариқлик фуқаронинг 12 миллон сўмлик пиротехник воситаларни пулламоқчи бўлгани аниқланди

Мамлакатимизда пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, мамлакатимизга олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланган. Айниқса, бу матоҳ фавқулодда ҳодисалар, жумладан, ёнғин келтириб чиқариши, одамларга оғир жароҳат етказиши мумкин.

Шуни айтиш лозимки, яқинлашаётган қиш мавсумида, қолаверса, янги йил байрами арафасида пиротехника воситаларидан фойдаланмаслик содир бўладиган кўплаб нохушликларнинг олдини олади. Бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаторида ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари мутасаддилари бирдек масъул.

Кеча Самарқандлик божхоначилар пиротехника воситаларини кўча-кўйда пуллаш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги Рудакий кўчасида тезкор тадбир ўтказди.

Тадбир давомида “Нексия” русумли автомошинанинг юкхонасидан фуқаро Ш.Б.га тегишли, қиймати 12 миллион сўмдан зиёд 9 турдаги 7 766 дона Қирғизистон Республикасида ишлаб чиқарилган пиротехника воситалари борлиги аниқланди ҳамда далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Маълум бўлишича, Пайариқ тумани Челак шаҳрида яшовчи фуқаро Ш.Б. мазкур пиротехника воситаларини пуллаш мақсадида Самарқанд шаҳрига олиб келган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан дастлабки божхона текширувлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, мамлакатимизга олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш ҳаракатлари учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185(1)-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 250(1)-моддасида тегишли жавобгарлик ва жазо чоралари белгиланган.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.