Ходимларнинг меҳнат таътили тугади. Аммо карантин туфайли таълим муассасаларида иш бошланмади. Бу ҳолатда қандай йўл тутилади?
Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларида фаолият бошланмагани муносабати билан ходимнинг меҳнат таътили тугаш куни ишга чиқиш имконияти мавжуд бўлмаса, иш берувчи номига муддати ва бошланиш санаси кўрсатилган иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил олиш бўйича ёки масофавий иш усули, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиш тўғрисида аризани юборади.
Ушбу ҳолатда иш берувчи ходимга аризасида кўрсатилган санадан бошлаб тўлиқ муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил беришга мажбур.
Шуни унутмаслик керакки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 150-моддасига асосан ходимнинг аризасига кўра, унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин. Унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Бироқ карантин чоралари амал қилиб турган вақтда Меҳнат кодексининг мазкур талаблари амалиётга татбиқ этилмайди.
Ходимга унинг аризасига биноан бериладиган иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган меҳнат таътилининг муддати мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхташи муддатидан ошмаслиги керак.
Ориф МУҲАММАДИЕВ,
Самарқанд вилояти адлия бошқармаси масъул ходими.