Пенсия жамғармасига электрон шаклда мурожаат қилиш мумкинми?

Бугунги кунда 3 777 631 нафар пенсия ва нафақа олувчилар мавжуд бўлиб, мамлакат аҳолисининг 11 фоизи давлат пенсия таъминоти билан таъминланган.

Пенсия жамғармасининг “11-40” ишонч телефонига кун давомида 100 нафардан ортиқ фуқаролар савол, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилишидан пенсия таъминоти жамият учун ҳамиша қизиқарли ва долзарб соҳаларнинг бири, деб айтиш мумкин. 

Мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиялогик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда, ҳозирда фуқаролар Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармалари, туман ва шаҳар бўлимларига ташрифидан кўра, телефон орқали ёки электрон шаклда мурожаат қилишлари мақсадга мувофиқ.

Шу кунга қадар фуқаролардан электрон мурожаатлар жамғарманинг электрон почтаси - pension_uz@pfca.mf.uz орқали қабул қилиниб келинаётган бўлса, эндиликда мурожаат қилишнинг янада қулай имкони яратилди. Яъни, жамғарманинг “telegram” канали - t.me/PensionFundRUz га аъзо бўлиб, каналнинг муҳокама (Обсудить ёки Discuss) қисмига ўтилиб, гуруҳ орқали саволларни йўллаш мумкин. Ҳар бир саволга мутахассислар томонидан ўз вақтида, иш кунлари давомида жавоблар берилиши Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати томонидан назорат қилиб борилади.

Фуқаролар эса саволларни йўллашда исм-шарифи, доимий яшаш манзили, алоқа учун телефон рақами, мурожаатнинг қисқача мазмунини ёзишлари лозим.

Шунингдек, фуқароларнинг яшаш манзиллари бўйича ҳам ҳудудий каналлар жорий қилинган бўлиб, уларга келиб тушаётган саволларга ҳам мутахассислар томонидан жавоблар берилмоқда.