“Имтиёзлар бугунги кунда Пенсия жамғармасининг ваколатида эмас”: Мурожаатга жавобан имтиёзлар бўйича қайси ташкилотлар шуғулланиши маълум қилинди
Яқинда сайтимизда “Вилоят соғлиқни сақлаш ва пенсия жамғармаси бошқармалари эътиборига: Қарияларга ҳеч қандай имтиёз йўқми?” сарлавҳаси билан Пайариқ туманида яшовчи Турди Турсуновнинг мурожаати эълон қилинган эди.
Мақола юзасидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси ўз муносабатини билдирди.
Унда Пенсия жамғармаси вазифаларига “пенсионерларга бирор бир турдаги имтиёзлар қўлланилиши вазифаси” юклатилмагани маълум қилинган ва фуқаро мурожаатида сўралган масалалар билан шуғулланувчи органлар тўғрисида тушунча берилган.
“Президентнинг 2009 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ташкилий тузилмасини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Жамғарманинг ташкилий тузилмалари тасдиқланган.
Ташкилот зиммасига қўшимча равишда қуйидаги асосий вазифа ва функциялар юкланган:
- фуқароларнинг давлат пенсия таъминотини ташкил қилиш, фуқароларга пенсия, ижтимоий нафақа, компенсация ва бошқа тўловларни тайинлаш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда пенсия ҳамда бошқа тўловларнинг миқдорини қайта ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш;
- пенсия ҳамда бошқа тўловларни тўлиқ ҳажмда молиялаштириш ва тўланишини ташкил қилиш, улар бўйича ҳисоботни юритиш;
- пенсиялар тайинланиши ва қайта ҳисоблаб чиқилишини тизимли асосда доимий таҳлил қилиш ва мониторингини олиб бориш, фуқароларнинг пенсия таъминотига йўналтириладиган маблағлардан қатъиян мақсадли фойдаланилишини таъминлаш;
- меҳнат майиблиги ёки касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик бўйича тайинланган пенсияларни тўлашга маблағларни даъволар бўйича айбдор юридик ва жисмоний шахслардан белгиланган тартибда ундириб олишни ташкил қилиш;
- тиббий-меҳнат экспертизаси хизмати фаолиятини ташкил этиш.
Фармонда белгиланганидан кўриниб турибдики Пенсия жамғармаси вазифаларига пенсионерларга бирор бир турдаги имтиёзлар қўлланилиши вазифаси юклатилмаган.
Пенсионерларга имтиёзлар берилиши, сиҳатгоҳларга дам олишлари учун йўлланмалар билан таъминланиши, қўлтиқтаёқ, ногиронлик аравачалари билан таъминлаш ва бошқа имтиёзлар қўлланилиши масалалари дастлаб Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига, кейинчалик Соғлиқни сақлаш вазирлигига, 2021 йил июнь ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигига юклатилган. Юқоридагиларга асосан пенсионерларга бир турдаги “имтиёзлар”ни қўллаш (бериш) Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жағармаси ваколатига кирмаслигини билдирамиз.
Қўшимча шуни маълум қиламизки, Пайариқ тумани, “Истиқлол” МФЙда яшовчи Турсунова-Ташназарова Ҳалима (никоҳдан сўнг Турсунова), 5 май 1938 йил туғилган, дастлаб 1992 йилда ёшга доир пенсия тайинлаб берилган, кейинчалик 2002 йил 12 декабрдан ногиронлик пенсияси қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган.
Унинг пенсия миқдори Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор Фармонларига асосан босқичма-босқич оширилиб келинган, шу жумладан, 2022 йил 28 апрелдаги ПФ-128-сонли фармонига асосан қайта ҳисобланиб, жорий йилнинг май ойидан бошлаб 698000 сўмга ошириб берилган.
Бунда унинг иш стажи 28 йил, ўртача ойлик иш ҳақи 645026 сўмни ташкил қилиб, пенсия миқдори 698 000 сўмга етказилган. Ушбу пенсия амалдаги қонун ва қонун ости ҳужжатларига мувофиқ тўғри ҳисоб-китоб қилинган бўлиб, уни ошириш имконияти мавжуд эмас.
Ушбулар маълумот сифатида киритилмоқда”, дейилади муносабатда.
ТАҲРИРИЯТДАН: Билдикки, фуқаро ўз муносабатида тилга олинган масалалар билан Пенсия жамғармаси шуғулланмас экан. Шундай бўлса-да жамғарма фуқаро қаерга мурожаат қилиши юзасидан ОАВ орқали батафсил тушунча беришни лозим топди. Аммо кўтарилган масалага бевосита алоқадор бўлган ташкилотлар-чи? Улар ҳолатни ўрганиб кўрармикан?