Портлаш содир бўлган бинодан аҳоли кўчирилмоқда, уй бузиладими?
Эслатиб ўтамиз, 9 сентябрь куни Самарқанд шаҳри Беруний кўчасидаги 9 қаватли бинолардан бирида кучли портлаш содир бўлган эди. Унинг оқибатида бир нафар фуқаро кучли куйиш тан жароҳати билан шифохонага ётқизилди, бинодаги бошқа хонадонлар ҳам талофат кўрди. Шу кунларда мазкур кўп қаватли бино бузилиб, ўрнига янгиси қуриб берилиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умид Аҳроровдан воқеа жойида олиб борилаётган ишлар бўйича маълумот олишга ҳаракат қилдик.
Унга кўра, бирламчи таҳлиллар портлаш табиий газ ва ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида содир бўлганлигини кўрсатмоқда. Оғир куйиш тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган фуқаронинг аҳволида ўзгариш йўқ. Ўтган вақтда мазкур кўп қаватли бинода истиқомат қилувчи яна 8 нафар фуқаро турли шикоятлар билан шифохонага мурожаат қилган.
Юлдуз маҳалласида вилоят ҳокимлиги томонидан портлаш оқибатларини бартараф қилиш бўйича махсус штаб тузилган. Айни дамда мутахассислар бинога етказилган зарар кўламини ўрганишмоқда. Уни бузиш бўйича якуний қарор тегишли хулосалар чиқарилганидан кейин қабул қилинади.
Шунга қарамай, хавфсизликни таъминлаш мақсадида бинодаги аҳоли кўчирилмоқда. Бунинг учун Қорасув массивидан шаҳар ҳокимлиги балансида бўлган кўп қаватли бино ажратилган. Фуқароларнинг хоҳишига кўра, улар қариндошлариникига кўчирилиши ҳам таъминланмоқда. Кўчириш тадбирларига фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа мутасадди идораларнинг куч ва воситалари жалб қилинган.