Президент: Имконияти чекланган фуқароларни улар учун мос келадиган ишга қабул қилган идораларга имтиёз берилади

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Ўзбекистон халқига мурожаатида тўхталиб ўтди.

“Ногиронлиги бўлган ёшларга барча даражада сифатли таълим олиши учун тенг имкониятлар яратилади.

Жумладан, келгуси ўқув йилидан бошлаб алоҳида таълим олишга эҳтиёжи бор болаларнинг 24 фоизи, 2025 йилда эса 40 фоизи оддий мактабларда ўқиши учун барча шароитлар яратилади. Шунингдек, инклюзив таълимнинг ресурс марказлари сони 14 баробарга кўпайиб, 200 тадан ошади.

Иккинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш ва улар учун муносиб иш ўринларини яратиш орқали уларнинг даромадини кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирлар янада кучайтирилади. Бу борада уларни замонавий касб-ҳунарга ўқитиш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, ҳар бир инсон учун давлат ҳисобидан касб-ҳунар ўрганиш имконияти яратилади, шу мақсадда ажратиладиган маблағлар 2 баробарга оширилади.
Барча даражадаги давлат идораларига имконияти чекланган фуқароларни улар учун мос келадиган ишга қабул қилишда устунлик ва имтиёз берилади.
Бундан ташқари, тадбиркорларнинг ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш борасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, уларни рағбатлантириш чоралари кўрилади. Жумладан, бундай тадбиркорлар ва ишга қабул қилинган фуқароларга қўшимча солиқ имтиёзлари берилади ва давлат томонидан субсидиялар ажратилади”, деди давлат раҳбари.

Шунингек, ногиронлиги бўлган болаларни соғломлаштириш учун Республика болалар тиббий реабилитация маркази ва унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилиши, ҳар йили 2 минг нафар болада туғма юрак нуқсони ва бош миядаги патологик ўзгаришлар бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказиш белгиланаётгани маълум қилинди.