Президент сайлови олдидан масъуллар учун семинар ўтказилди

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнида намунали сайлов участкасини ташкил этиш бўйича семинар-тренинг ўтказилди.

Унда Самарқанд шаҳри, Булунғур, Жомбой, Оқдарё, Паст Дарғом, Самарқанд, Тойлоқ, Ургут туманлари ҳокимлари ва сектор раҳбарлари, сайловга масъуллар иштирок этди.

Семинарда сайлов иштирокчиларини ўқитиш бўйича республика ишчи гуруҳи аъзоси В.Эргашев томонидан Сайлов кодексига киритилган сўнгги ўзгартиш ва янгиликлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари билан қўйиладиган талаблар, Президент сайловининг ўзига хос хусусиятлари тушунтирилди.

Тадбир қатнашчилари намунали участка сайлов комиссияси биноси, бу ерда комиссия аъзолари ва сайловчилар учун яратилган шароитлар, овоз бериш хоналарини жиҳозланишини кўздан кечирди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан атрофлича жавоб олди.

Куннинг иккинчи ярмида шу каби ҳудудий семинар Каттақўрғон шаҳрида ўтказилади.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.