Президент томонидан ўзбек аёлининг қадрини, қаддини тиклаш йўлидаги 7 ҳақиқат

Фарзандини дунёга келтирган она минг бир машаққат билан гўдагини киндигини кесган экан. Демак, ер юзидаги биринчи шифокор бу - аёл. Ҳали мактаблар, ўқитувчилар пайдо бўлмасдан бурун боласига Ватан сўзини оналар ўргатган. Демак, сайёрамиздаги илк муаллим бу – аёл. Юртни ёв босганида оналаримиз қўлига қурол олиб, жанг майдонига отланган. Демак, кўҳна дунёда илк Ватан ҳимоячиси ҳам бу – аёл. Боласига алла айтган она бу биринчи шоир, илк қўшиқчи...

Қуёшсиз гуллар очилмайди. Севгисиз бахт йўқ. Аёлсиз шоир ҳам, қаҳрамон ҳам бўлмайди. Аёл миллат тарбиячиси. Қаранг, аёлнинг зиммасига Яратганнинг Ўзи қандай улкан масъулият юклаган. Қандай шарафли вазифа билан мукофотлаган. Фарзандни дунёга келтиришдан бошлаб, барча-барчаси аёлларимиз зиммасида. Буюк фарзандларни буюк оналар тарбиялайди.

Бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак. Онага бўлган муносабатимиз бу миллат келажагига бўлган эътиборимиздир. Аёлга эҳтиром, бу эртани эъзозлашдир. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувига келган 2016 йилдан бошлаб, Ўзбекистонда хотин-қизларга оид давлат сиёсати бутунлай ўзгарди. Янгиланди. Ислоҳ этилди. Бу қуйидагиларда яққол намоён бўлади:

Биринчидан, аёлнинг елкасидаги ҳатто эркаклар ҳам кўтара олмайдиган юклар олиб ташланди. Мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилди. Ҳеч кимга сир эмас, таълим ва тиббиёт муассасаларида, барча бюджет ташкилотларида асосан хотин-қизлар ишлайди. Уларнинг умри пахта, ғалла далаларида, ҳашарларда ва бошқа ўзларига алоқадор бўлмаган, ҳақ тўланмайдиган юмушларни бажариш билан ўтарди. Эҳ, бу азобларга, машаққатларга, хўрликларга чидаш учун бардошни, кучни қаердан олдинг аёл?

Кейинги беш йилда мажбурий меҳнат атамаси тарихга айланди. Аёлга аёллик назокати, нафосати қайтарилди. Бу салкам бир асрлик муаммони бартараф этилиши эди.

Иккинчидан, жамиятда аёлга бўлган муносабат ўзгарди. Тўғрисини айтганда, ўтган даврда аёлни ҳеч ким эшитмас, ҳисоблашмас, аёлнинг қадр-қиммати борган сари йўқолиб бораётган эди. Бу бўҳрон агар шундай давом этганида, жамиятнинг ёввойилашишига олиб келар эди. Мамлакатда хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладиган бутунлай янги тизим яратилди. Онага бўлган салбий, ғайриинсоний қарашларга чек қўйилди. Жамият аёл билан ҳисоб-китоб қила бошлади. Мустақиллигимизнинг кейинги беш йили ўзбек аёлининг қаддини тиклаш йили бўлди.

Учинчидан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳақидаги абсурд қарашларимиз ўрнини ҳаётбахш ислоҳотлар эгаллади. Тиббиётдаги, жамики, ўзгаришлар замирида аслида она ва бола муҳофазаси ётибди. Шифохоналар, туғруқ комплекслари, болалар ихтисослашган тиббиёт муассасалари қиёфаси ҳам, мазмуни ҳам бутунлай ўзгартирилди. Қоғоздаги сафсаталар ўрнини ҳақиқий янгиликлар эгаллади. Том маънода давлат онани ҳам, болани ҳам ўз муҳофазасига олди.

Тўртинчидан, хотин-қизларнинг билими ва қобилиятига нохолис, нописанд қараш, уларни турли раҳбарлик лавозимларига қўйилишидаги тўсиқларга барҳам берилди. Хотин-қизларимиз Олий Мажлис Сенати раиси, туман ва шаҳар ҳокими, прокурор ва суд, бошқарма бошлиғи, ректор, проректор, депутат ва сенаторлик ўринларини эгаллади. Бунинг натижасида жамиятда адолат устуворлиги таъминланмоқда. Манфаатлар мувозанати барқарорлашмоқда.

Бешинчидан, ўзбек аёлига миллат тарбиячиси мақоми қайтарилди. Олий маълумотли, зиёли, олим, ижодкор аёлларимиз сафи кенгаймоқда. Хотин-қизларнинг билим олиши, ўз иқтидорини намойиш қилиши учун барча имкониятлар эшиги очилди. Биргина олий таълим тизимида сиртқи, кечки бўлимларнинг очилиши, аввало, оилали аёллар учун жуда қулайдир. Шунингдек, ёшлар, аёллар дафтарига киритилган хотин-қизларни олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш ишлари ҳам айни муддаодир. Бундан ташқари, олим аёлларни ҳар томонлама ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Олтинчидан, ишсиз аёллар учун имтиёзли кредитлар ажратилиши, банд бўлмаган аёлларни уй шароитида банд қилиш, фақат аёллар учун иш ўринлари яратилиши, қишлоққа саноатни кириб келиши ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда жуда катта воқеадир. Бу, энг аввало, аёлнинг турмуш ўртоғига, болаларига ёки бошқаларга муте бўлишининг олдини олади. Яхши яшашини, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини, моддий жиҳатдан ҳеч кимга қарам бўлмаслигини кафолатлайди.

Еттинчидан, тирикчилик важидан жиноят кўчасига кирган хотин-қизлар тақдири энг оғриқли нуқтамиз эди. Аввало, ҳеч ким ўйламасдики, нима учун аёл жиноят қилди? Бу қабоҳатга аёлни нима мажбур қилди. Ўрганишлар шуни кўрсатадики, назаримиздаги “жиноятчи аёл”ни бу йўлга киришига, аввало, жамият, қолаверса, атрофдагилар бош айбдордир. Бугун бу фикрларни қўрқмасдан, масъулиятни ҳис этган ҳолда билдиряпмиз. Боқувчисини йўқотган, бир уй болалари билан ёлғиз қолган, ишсиз, ҳимоясиз аёл нима қилиши керак? Унинг мурожаатларини ҳеч ким эшитмасди. Додини тинглайдиган одам йўқ эди. Иложсизлик иродани ҳам, бардошни ҳам синдиради. Аёл жиноят қилади. Узоқ йилга озодликдан маҳрум қилинади. Қаровсиз қолган болалардан эса яна жиноятчилар етишиб чиқади.

Бир улуғ инсон айтган эди: "Аёллар қамоқхонасининг борлигига биринчи навбатда жамият айбдор". 2016 йилдан бошлаб, аёллар қамоқхоналарида ётган маҳкумлар иши қайтадан кўриб чиқилди. Сайёр судлар ўтказилди. Оддий айблар билан узоқ муддатларга қамалган аёллар оила бағрига қайтарилди. Уларга тузалиш, хатосидан хулоса чиқариш имконияти берилди. Ўзбекистонда аёллар ўртасидаги жиноятларга ижтимоий жиҳатдан қараш, баҳо бериш тамойили яратилди. Қамоқхоналардан чиқиб келган аёлларни ижтимоий муҳофазаси таъминланди. Моддий ёрдам кўрсатилди. Жамият ўзининг жароҳатларига малҳам қўйди...

Биз Ўзбекистонда хотин-қизлар борасида кейинги беш йилда қилинган ишлардан фақат баъзи бирларини санаб ўтдик. Бу аслида денгиздан бир томчи. 

Миллат тарбиячиси бўлган ўзбек аёлига ўз мавқеини қайтгани муборак бўлсин!

Шарофат Тўхлиева,

СамДУ ректори маслаҳатчиси, университетнинг хотин-қизлар масалалари бўйича кенгаш раиси, доцент.

Назмия Муҳиддинова,

доцент.