“PROM PRO EXPO 2025”: Саноат соҳасидаги янгиликлар ва маҳсулотлар намойиши

Жомбой туманидаги “SOF EXPO Samarkand”  халқаро кўргазмалар мажмуасида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўз ишини давом эттирмоқда.

Олтинчи бор ўтказилаётган “PROM PRO EXPO 2025” саноат кўргазмасида нафақат Самарқанд, балки республикамизнинг бошқа вилоятларидан келган 70 дан ортиқ корхона 2 мингдан ортиқ маҳсулоти билан иштирок этмоқда. Мазкур кўргазмада малакали тадбиркорлар билан биргаликда ўз ишини энди бошлаётган субъектларга турли йўналишларда тушунчалар бериш учун солиқ, божхона, статистика, тижорат банклари мутахассислари ҳам жалб этилган.  Унда асосан автомобилсозлик, тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш материаллари, электротехника, кимё саноати, туризм, озиқ-овқат ва мебелсозлик саноати маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Кўргазмада иштирок этаётган “SAMARKAND GOLDEN CHICKPEAS” оилавий корхонаси 50 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини деҳқонлардан қабул қилиб, саралаб, қайта ишлаш, қадоқлаш ва талабга кўра пиширилган ҳолда экспорт қилиш билан шуғулланади. Маҳсулотлар Европа, МДҲ давлатлари, АҚШ, Аргентина каби давлатларга сотилмоқда. Бу йилдан янги бозорлар ўзлаштирилиб, Австралия, Франция, ва Дубайга экспорт йўлга қўйилган бўлса, Европа, АҚШ бозорларидаги экспорт фаолияти кенгайтирилди.    

Ҳозирги кунда иситиш тизимлари, тежамкор ускуналарга талаб юқори бўлмоқда. Кўргазмага қўйилган ана шундай замонавий ускуналар иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.

-  Биз 2025 йил январь ойидан хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда хонадонлар, ташкилотлар, ва иссиқхоналар учун кичик, ўрта ҳажмдаги кўмир ва ўтинда ишлайдиган иситиш қозонлари, печлар, каменлар, икки паллали печлар ишлаб чиқаришни бошладик, - дейди “Эко қурилмалар” МЧЖ раҳбари Мамаюсуф Тошев. – Ҳали маҳсулотларимиз янги бўлса-да, қизиқувчилар кўпчиликни ташкил этмоқда. Ҳозир маҳсулотларимизни асосан ички бозорга йўналтиряпмиз, лекин Тожикистондан келган харидорлар шу ернинг ўзидан харид қилиб олиб кетишяпти. Эндиликда йил якунигача инвестиция жалб қилиб, маҳсулотни тўлиқ маҳаллийлаштиришни режалаштиряпмиз.

Бундан ташқари, кўп қаватли уйлар учун марказлашган иситиш қозонхоналари ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш олиб боряпмиз.

“Прогресс-с” хусусий корхонаси томонидан тақдим этилаётган 60 киловатт қуёш панелига аккумулятор бириктирилган ҳолда куну-тун ишлай оладиган кўчма светофор ҳам иштирокчиларда қизиқиш уйғотди. Ушбу корхона йўл белгилари, мактаб, боғчалар учун кичик ҳажмдаги светофорлар ҳам ишлаб чиқаради. Шунингдек, сим картали микросхема ўрнатилган светофорларни уй, офисдан, умуман, масофадан бошқариш имконияти яратилган. Яна светофорларда овозли сигнал бериш тизими ҳам ўрнатилган бўлиб, пиёда ёки ҳайдовчини ҳаракатланиш ёки тўхташ ҳақида  огоҳлантиради.     

Кўргазмада тадбиркорлар ва иштирокчиларга қулайлик яратиш учун панель сессиялар, В2В учрашувлар ўтказиш, соҳалар муаммолари юзасидан муҳокамалар ўтказиш имконияти ҳам яратилган.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Ф.РЎЗИБОЕВ (сурат).