Қабристон ҳудудида, вагонда яшайдиган ночор оила нега “Темир дафтар”га киритилмади?

Жойларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар аҳволи, шунингдек, бу “дафтар”ларга киритилмаган, лекин ижтимоий аҳволи ўта оғир фуқаро ва оилаларни ўрганиш мақсадида Самарқанд туманида бўлдик. Туманнинг 3-сектори ҳудудидаги Хишрав маҳалласига борганимизда ушбу маҳаллада ижтимоий аҳволи оғир оилаларнинг яшаш шароити бизни кўпроқ қизиқтирди.

Масалан, Хишрав маҳалласида яшовчи фуқаро Зилола Маҳмудованинг яшаш уйи йўқ. Шунинг учун ноилож Арабхона маҳалласи ҳудудидаги қабристон яқинида жойлаштирилган вагонда яшаб келмоқда. Оилавий шароити ўта оғир, икки нафар фарзанди бор, турмуш ўртоғи Фахриддин Раупов мавсумий ишчи бўлиб ишлайди. Лекин бу оила бирорта “дафтар”га киритилмаган.

Хўш, маҳалла раислари, фаоллар, бу ҳолат билан алоқадор идора вакиллари нега бу ерга келмаган? Нега улар аҳволидан хабар олмаган? Нега бу оилани “Темир дафтар”га ёки З.Маҳмудовани “Аёллар дафтари”га киритмаган? Уларга кўмаклашиш, оилага ишлаб, даромад топиш имкониятларини яратиб бермаган?

Энди тасаввур қилинг: айни кунларда ҳаво ҳарорати 43 даража иссиқни кўрсатмоқда. Темирдан ясалган, аксига олиб хароб вагонда яшаш мумкинми? Вояга етмаган фарзандлари, айниқса, оилада бешикда ётган чақалоқ борлиги наҳотки ҳар нарсадан хабардор бўлиши талаб этилаётган маҳалла раиси, фаолларининг эътиборидан четда қолган бўлса? Қани бу ерда “Темир дафтар”га ҳақиқий эҳтиёжмандларни киритиш зарурлигига қаратилган тартиб?

Албатта, биз ҳолатни тўлиқ ўргандик ва бу оилани “Темир дафтар”га киритиш ҳақида таклиф бердик. Ўйлаймизки, сектор раҳбарлари, маҳалла масъуллари бу оила тақдирига бефарқ қарамайди.

Феруз Насруллаев,

халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси.