Қаҳва ичиш мумкин бўлмаган уч тоифа: Улар кимлар?

Қаҳва дунё аҳолиси орасида энг оммалашган ичимликлардан биридир. Ёқимли ҳид ва ғайриоддий таъмга қўшимча равишда, қаҳва жуда кўп фойдали хусусиятларга ҳам эга. Тонгда уйғонишга ёрдам беради, онкология ва Паркинсон касаллиги ривожланиш хавфини камайтиради, ўт пуфагини фаоллаштиради, қон босимини кўтаришга ёрдам беради ва ҳоказо. Аммо қаҳва ичиш тавсия этилмайдиган ҳолатлар ҳам бор. Мутахассислар бу ичимлик буюрилмайдиган уч тоифа кишиларни санаб ўтди.

Бу тоифага 16 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор аёллар ва тез-тез юқори қон босимидан азият чекувчи одамлар кирар экан. Шифокорлар уларга қаҳва истеъмолидан сақланишни маслаҳат беради. Шунингдек, кунига 700 мг дан ортиқ кофеин (5-8 стакан 150 мл. қора майдаланган қаҳва) истеъмол қилиш калций ва магнийни танадан ҳайдаб чиқаришини таъкидлашди. Ичимликни узоқ вақт мобайнида меъёрдан ортиқ ичиш остеопороз ривожланишига олиб келиши мумкин.

Қаҳвахўрлик кишилар саломатлиги учун бирдек ёқимли ҳамда фойдали бўлиши учун нималарга эътибор бериш керак?
Асосий қоида, ҳамма нарса меъёрида яхши эканини унутмасликдир.

Бу кофеин миқдорига ҳам тегишли. Севимли ичимлик ўзингизга зарар етказмаслиги учун уни рухсат этилган хавфсиз доза — кунига 250-300 мг.дан оширмасликка ҳаракат қилинг. Қаҳвани оз шакар билан ёки умуман шакарсиз ичинг. Шунда ортиқча вазн муаммосига ҳам учрамайсиз. Шакарсиз қора қаҳва сиз учун аччиқлик қилса унга сут ёки қаймоқ қўшиб ичишингиз мумкин.