Қамоққа олинган шахснинг яқинларига 24 соат ичида эмас, дарҳол хабар берилади
Жорий йилнинг 14 май куни “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига Жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди биносида видеоконференцалоқа тизими орқали ўтказилган семинар-машғулотда мазкур қонуннинг тўғри ва бир хилда қўлланилиши орқали ягона тергов ва суд амалиётини шакллантириш ҳақида сўз юритилди, деб хабар бермоқда мазкур суд ахборот хизмати.
Семинарда вилоят, туман (шаҳар) судлари раислари ва судьялари, прокуратура ходимлари, ИИБ, ДХХ терговчилари, Давлат божхона бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси суриштирувчилари ҳамда адвокатлар иштирок этди.
– Мазкур қонунда шахсни ушлаш, ҳимоячидан воз кечиш, шунингдек, шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш жараёнлари видеоёзув орқали қайд этилиши шартлиги белгиланган, – дейди жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг судьяси Б.Алиқулов. Шахсни ушлаш видеоёзув орқали қайд этилмаган ҳолда, ушлаб турилган шахс ИИО ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келинганда, видеоёзувдан фойдаланган ҳолда унинг процессуал ҳуқуқларини тушунтириш лозимлиги, ушлаб турилган шахсга видеоёзув уни намойиш қилиш орқали таништирилиши, ушлаб туриш, шахсий тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш баённомасига процессуал ҳаракатлар видеоёзув орқали қайд этилганлиги ҳақида ёзиб қўйилиб, видеоёзув материаллари баённомага қўшилиши қайд этилган. Суд-тергов амалиётида мазкур қонун талабларига қатъий амал қилиниши инсон ҳуқуқ ва эркинларини таъминлашнинг яққол ифодаси бўлади.
Янги қонунга кўра, ушлаб туриш тарзидаги, қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораси қўлланилганлиги ҳақида шахснинг оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларига ёки яқин кишиларига, бошқа давлатнинг фуқаросига нисбатан бундай чоралар қўлланилганда, Ташқи ишлар вазирлигига дарҳол хабар берилиши керак. Илгари тегишли чораларни қўллаган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд 24 соат мобайнида бу ҳақда хабар бериши шарт эди.
Савол-жавоб тарзида олиб борилган тадбирда ушбу қонун шахс ҳуқуқини асоссиз чеклашнинг олдини олишга хизмат қилиб, суд-тергов фаолиятида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига, шу жумладан ҳимояга бўлган ҳуқуқига сўзсиз ва оғишмай риоя қилинишини таъминлаши, суриштирув, тергов ва суд жараёнларида қонунларга қатъий амал қилиш мажбурияти юкланиши таъкидланди.