Қарийб 2,4 миллиард сўмлик лойиҳа: Паст Дарғомдаги оилавий шифокорлик пункти янги қиёфага киряпти
Ўтган йилнинг 23 январида “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий Кенгаши томонидан вилоятимизга ишчи гуруҳ юборилиб, ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати ўрганилган эди.
Ўрганишлар давомида Паст Дарғом туманида жойлашган “Ал Беруний” оилавий шифокорлик пункти фаолияти атрофлича таҳлил қилинган эди. Маълум бўлишича, муассаса биноси кўп йиллар давомида таъмирланмагани сабабли анча эскирган бўлиб, замонавий тиббий хизмат кўрсатиш талабларига тўлиқ жавоб бермайдиган ҳолатга келиб қолган.
Мазкур муаммо ишчи гуруҳ томонидан жойида кўтарилиб, тегишли ташкилотлар эътиборига етказилди. Шунингдек, партиянинг Самарқанд вилояти кенгаши раҳбарияти ҳамда халқ депутатлари вилояти Кенгаши депутатлари Ҳиммат Оқбўтаев ва Гулбека Қўчқорова томонидан масъул идораларга мурожаатлар йўлланиб, масала қатъий назоратга олинди.
Амалий саъй-ҳаракатлар ўз самарасини берди. Бугунги кунда мазкур тиббиёт муассасасида кенг кўламли реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида қарийб 2 миллиард 400 миллион сўм маблағ ҳисобидан мавжуд 50 қатновли бино тўлиқ қайта таъмирланиб, 1-тип талабларига жавоб берадиган замонавий оилавий поликлиникага айлантирилмоқда.
Янгиланган муассаса келгусида 8,5 мингдан ортиқ аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятини яратади. Бу эса ҳудуд аҳолисининг тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиради.
Яқинда партия вилоят кенгаши раҳбарияти ва депутат Г.Қўчқорова қурилиш ишларининг бориши билан танишди. Ташриф давомида бажарилаётган ишлар сифати, қурилиш суръати ва белгиланган муддатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Қурилиш-таъмирлаш ишларида фаол иштирок этаётган ишчи-ходимларга меҳнат жараёни учун зарур бўлган махсус иш кийимлари ва партия тарғибот материаллари топширилди.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, реконструкция ишларини жорий йилнинг 15 июлига қадар тўлиқ якунлаб, объектни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
“Ал Беруний” оилавий шифокорлик пунктида амалга оширилаётган бу ўзгаришлар нафақат бир бинога янги қиёфа бериш, балки жамоатчилик назорати, халқ манфаати ва ижтимоий адолат тамойилларининг амалий ифодаси ҳамдир. Энг муҳими, аҳоли томонидан кўтарилган муаммо эътибордан четда қолмай, аниқ ечим топяпти.
Лола Сайидова,
"Адолат" СДП вилоят Кенгаши раис ўринбосари.