Қатарда мамлакат тарихида биринчи парламент сайловлари бошланди
Биринчи сайлов участкалари бугун, 2 октябрь куни бутун мамлакат бўйлаб 30 та округда илк бор бўлиб ўтадиган Межлис ас-Шура (парламент вазифаларига эга маслаҳат кенгаши)да очилди, дея хабар беради РИА Новости.
Комиссия маълумотларига кўра, маслаҳат кенгашининг 30 ўрни учун 284 номзод (улардан 10 фоизи аёллар) кураш олиб бормоқда. Сайловчилар сони 300 мингга яқин.
Сайлов қоидаларига кўра, номзодлар сайлов жараёнини кузатиш учун сайлов участкаларида бўлиши мумкин, лекин уларга сайловчилар билан мулоқот қилиш тақиқланган. Овоз бериш жараёни маҳаллий вақт билан соат 18:00 (Тошкент вақти билан 20:00) да тугади. Энди овозлар саналгач, бугуноқ эълон қилинади.
Қатарликлар бир овоздан мамлакатдаги биринчи сайлов кунини тарихий деб аташди. "Қатар тарихий кунни ўтказмоқда. Межлис ал-Шура аъзоларининг биринчи тўғридан-тўғри сайловлари фаровонлик ва тараққиёт сари катта қадам", деди қатарлик публицист Жабер ал-Харми РИА Новостига.
Маслаҳат кенгаши 1972 йилда Қатарда амир Халифа бин Ҳамад Ал Таний бошчилигида тузилган бўлиб, у давлат раҳбари томонидан тайинланган 20 кишидан иборат эди.
Мамлакат конституциясига кўра, маслаҳат кенгаши сайловдан кейин расман қонун чиқарувчи органга айланиши керак. Унга депутатларнинг учдан икки овози ва амирнинг розилиги бўлган тақдирда бюджет параметрларини тасдиқлаш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, муҳокама қилиш ва овозга қўйиш ваколати берилган. Бундан ташқари, кенгаш вазирликлар фаолиятини назорат қилади ва уларга ишончсизлик вотуми эълон қилиш учун овоз бериши мумкин.
Депутатларнинг ваколат муддати - тўрт йил. Мажоритар тизим бўйича 30 депутат (30 сайлов округидан битта депутат) умумий тўғридан-тўғри яширин овоз бериш жараёнида сайланади. Қатарнинг 30 ёшдан ошган, араб тилини яхши биладиган, судланмаган, жумладан ахлоқсиз хатти-ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортилмаган маҳаллий аҳолиси депутатликка номзод бўлиши мумкин. Бу қарор номзодларни кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган бир қатор Қатар оилаларининг ғазабини қўзғатди. Чунки мустақиллик давлатлари расман эълон қилинишидан олдин уларнинг бадавий қабилалари бўлган аждодлари бу ҳудудда яшаган.
18 ёшдан ошган, судланмаган туб аҳоли овоз бериш ҳуқуқига эга.
Г.Холдорова тайёрлади.