Қаюм Собиров: Ёшларнинг етук мутахассис бўлишидан манфаатдорлигимизни англаганимиздагина таълим тизимидаги ислоҳотлар самара беради
Юртимизда таълим тизимига эътибор ошди. Мактабгача таълим тизимидан бошлаб, олий ва ундан кейинги таълимгача кўплаб янгилик ва ўзгаришлар жорий қилинди.
Бу борадаги ҳуқуқий асослар такомиллаштирилди, янги қонунлар, дастур ва концепциялар ишлаб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида ушбу масала тез-тез муҳокама қилинмоқда. Таълим-тарбияга нафақат мамлакат миқёсида, балки ҳар бир ҳудуд, маҳалла, оила доирасида эътиборни кучайтириш талаб этилмоқда. Ва албатта, бу ҳаракатлар секин-аста ўз мевасини бермоқда. Болаларнинг боғчага қамрови ошяпти, мактабларда ўқиш-ўқитиш сифати яхшиланмоқда, профессионал таълим моҳиятини аҳоли англай бошлади, олий таълимда замонавий ёндашувлар бўй кўрсатмоқда.
Бир муддат аввал Жомбой тумани ҳокими энг аълочи, фаол мактаб ўқувчиларига стипендия бермоқчи эканлиги ҳақида гап чиққанда ҳам буни соҳадаги ўзгаришларнинг бир натижаси сифатида қабул қилган эдик. Лекин бу ҳали бир ғоя, амалга ошадими-йўқми, вақт кўрсатади, деб ўйлаганимиз ҳақиқат. Яқинда эшитдик – бу ташаббус амалга оширилибди. Фан олимпиадасининг туман босқичида энг юқори натижа қайд этган 4 нафар ўқувчига ҳоким ўз ҳисобидан 250 минг сўмдан стипендия берибди. Шугина стипендияга шунчами, дейишга шошилманг.
– Гап стипендия миқдори ёки кимнинг ҳисобидан ажратилишида эмас, – дейди Жомбой тумани ҳокими Қаюм Собиров. – Бу билан мактабдаги таълим жараёнларига, ўқувчиларнинг яхши билим олишига бефарқ эмаслигимизни, яхши ўқиган ўқувчи рағбатсиз, эътиборсиз қолмаслигини ифодаламоқчимиз, холос. Қолаверса, бу ташаббусга туманимиздаги бошқа раҳбарлар, тадбиркорлар ва саховатли кишилар ҳам қўшилишидан умидвормиз.
Энг яхши инвестиция таълимга, ёшлар таълим-тарбиясига киритилган инвестиция деймиз-ку, ўзимиз бу гапга амал қилайлик-да. Ёки хориждаги фалон компания, фалончи бизнесмен стипендия таъсис этибди, мактабга, коллеж ёки олий ўқув юртига бунча маблағ ажратибди, деган гаплар тез-тез қулоғимизга чалинади. Нега энди бу ишни биз қилмаслигимиз керак, бизда бундай имкониятга эга инсонлар йўқми? Бор, албатта, гап бу ишга эътибор ва ҳафсала қилишда.
Кейинги пайтда шундай ниятдаги кишилар кўпаяётганини эшитсам хурсанд бўламан. Мана, шу тўрт нафар ўқувчига илк стипендияни берганимиздан сўнг, туманимиздаги тўртинчи сектор раҳбари, солиқ инспекцияси бошлиғи ўз сектори ҳудудидаги мактаблар ўқувчилари учун шундай рағбатлантириш тизимини жорий этиш ташаббусини билдирди. Энди ўйлаб кўринг, раҳбарлар ўқувчиларнинг яхши ўқишини қўллаб-қувватлаб турганда ота-оналар ҳам ҳеч бўлмаса, ўзларига “мен фарзандимнинг пухта билим олиши, келажакда етук мутахассис бўлиши учун нима имконият яратиб бердим?” деб савол берадику.
Маҳалла оқсоқоли, фаоллари мактабга бориб, ўз ҳудудлари ёшлари таълим-тарбияси билан қизиқади-ку. Ўқитувчилар ўқувчига сидқидилдан сабоқ бериб, халқ олдида ҳам, давлат олдида ҳам юзи ёруғ бўлишини ўйлайди-ку. Мана бизнинг мақсадимиз нимадан иборат? Бу – аслида, бугун Президентимиз барчамизнинг олдимизга қўяётган вазифа, таълимга эътиборнинг пировард мақсади. Қачонки, биринчи навбатда, ота-оналар, биз – катталар ёшларнинг яхши билим эгаллаши, етук мутахассис бўлишидан манфаатдор эканлигимизни англаганимиздагина тизимдаги ислоҳотлар самара беради.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда Жомбой туманида 56 та умумий ўрта таълим мактаби фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг иккитаси – 20 ва 40-мактаблар ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ҳисобланади. Таълим муассасаларида 31 минг 700 нафардан ортиқ ўғил-қизлар сабоқ олмоқда. 12 мактабда дарслар бир навбатда, 44 мактабда эса икки навбатда ташкил этилган.
– Йигирмадан ортиқ мактабимизда синф хоналар етишмайди, – дейди туман халқ таълими бўлими мудири Замира Юсупова. – Асосий муаммомиз ҳам шу. Яқинда туманимиз ҳокими билан бирга ушбу муассасалардаги шарт-шароитни ўргандик. Вилоят, республика даражасида ҳал этилиши керак бўлган муаммолар юзасидан тегишли идораларга мурожаат қилдик, ўз таклифларимизни билдирдик.
Туман даражасидаги масалаларни ҳокимимиз ёрдамида, муҳаллий бюджет имкониятларидан фойдаланиб ҳал қиляпмиз. Масалан, 39-мактаб учун 4 та янги синфхона қурилди, 11, 13-мактаб бинолари том қисми таъмирланди. Иккита таянч мактабимизга электрон доска ва компьютер жиҳозлари ажратилди.
Бундан ташқари, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган 1,2 миллиард сўм маблағ эвазига 10-умумий ўрта таълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Кейинги йил дастурига ҳам ўз таклифларимизни берганмиз ва бир нечта мактабларимизда қўшимча ўқув бинолари қурилади.
Айни вақтда тумандаги мактабларда фаолият кўрсатаётган 2294 нафар педагог ходимларнинг 2007 нафари олий маълумотли ўқитувчилар. 66 нафари олий тоифага, 252 нафари биринчи, 511 нафари иккинчи тоифага эга. 2019/2020 ўқув йилида жомбойлик 2373 нафар мактаб битирувчиларининг 264 нафари олий ўқув юртларига талабаликка тавсия этилди. Жорий ўқув йилида эса 11-синфни 2151 нафар ўқувчи битириши кутилмоқда.
– Келгуси йилда битирувчиларимизнинг олий ўқув юртига ўқишга кириши кўрсаткичи юқори бўлиши учун ҳар бир мактабда ҳаракат бошланган, – дейди туман ҳокими Қ.Собиров. – Ўзим ҳар куни мактаблар фаолияти билан танишиш жараёнида битирувчилар билан суҳбатлашяпман, уларнинг келажакдаги режалари билан қизиқяпман. Бу йил ҳар бир мактабда битирувчилар қайси йўналиш бўйича ўқишга кириш нияти борлигига қараб, танлаган мутахассислигига мос фанлар чуқурлаштириб ўқитилмоқда.
Дарс машғулотларига вилоятимиздаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларини жалб қиляпмиз. Шу мақсадда Самарқанд давлат университети, чет тиллар институти, иқтисодиёт ва сервис институти, архитектура-қурилиш институти билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Давлат тест маркази вилоят бўлими ёрдамида улардаги тест саволлари банкидан фойдаланяпмиз. Ҳар ой якунида битирувчиларимиз тест топшириб, билимларини синовдан ўтказмоқда. Натижага қараб қайси фанни, мавзуларни яна ҳам чуқурроқ ўтиш белгилаб олинмоқда.
Тўғри, бугун ҳокимлар, сектор раҳбарлари зиммасида ҳудудда саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, экспортни кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва яна бошқа кўплаб вазифалар бор. Лекин таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш ҳам ҳокимлар олдидаги энг асосий, алоҳида эътибор талаб қиладиган масалалардан ҳисобланади. Керак бўлса, бошқа кўп масалалар, ижтимоий муаммолар ечими айнан таълим самарадорлигига боғлиқ бўлмоқда. Эътиборлиси, кейинги пайтда бу ҳақиқатни англаган ҳокимлар, раҳбарлар кўпаймоқда.
Ушбу фикрларни ёза туриб, ижтимоий тармоқларда тарқалган бир хабар эътиборимни тортди. Самарқанд вилояти ҳокимлиги Metsenat.uz лойиҳаси доирасида вилоятдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган магистрлар учун стипендиялар танловини эълон қилибди.
Ғолиб бўлган 10 нафар магистрга 6 ой давомида 1 миллион сўмдан стипендия берилар экан. Бу ҳам давлат ҳокимияти бошқарув органларининг, ҳокимларнинг таълим тизимига эътибори ошаётганидан, яхши мутахассисни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан аввало ўзлари манфаатдор эканлигини ҳис қилаётганидан далолат, назаримда.
Ғолиб ҲАСАНОВ.