“Қиморбоз”нинг кўзёши ёхуд қайта топилган бахт

Яқинда саёҳатга чиққандим. Йўлда ҳамроҳ бўлган киши билан суҳбатлашиб кетдик. Бошида оддий гаплар - иш, оила, ҳаёт ҳақида. Кейин у бир лаҳза жим бўлиб қолди...
Узоққа тикилиб, “Биласизми, мен ҳам одам бўлдим... Лекин жуда кеч”, - дея сўзини давом эттирди.
- Ака, нега бундай деяпсиз? - сўрадим ҳайрон бўлиб.
- Э, ука, ҳаётимни кино қилса бўлади, - деб кулимсиради-да, дилидагини тўкиб-солди.
- Мактабда “икки”чи эдим. Ўқишга ҳам, ишга ҳам иштиёқим йўқ эди. Устозларим ва ота-онам ҳам менга катта умид боғлашмаган. Бир куни бекорчиликдан бир даврада қимор ўйинига аралашиб қолдим. Бошида омадим зўр келди. Кўп ўтмай, тирикчилигим шу ўйинга боғланди. Қимор менга пул, машина берди. Бир қарашда ҳаётим изга тушгандек эди. Аммо ўша “омад” аслида ҳалокат эшигининг калити эканини билмасдим.
Суҳбатдошимнинг бу гапидан сўнг унинг ҳаётида қандайдир фожиа юз берган бўлса керак, деб ўйладим.
- Кейин нима бўлди? - дедим гарчи гапим ноўрин бўлса ҳам.
- Йиллар ўтди. Қимор иллатга, ичкилик ва чекиш эса одатга айланди. Кўчада юз кўрсатиш уят бўлди - қарз, уруш-жанжал, маҳалла-кўй олдида ота-онам бош кўтара олмасди. Қарзимни тўлаш учун бор будини сотарди. “Балки уйланса тўғри йўлга кирар”, деб ўйлашди. Уйландим, фарзанд кўрдим, аммо ўзгармадим. Оилам мени ташлаб кетди. Қизиғи, ўша пайтда ҳам ўзимни оқлашга ҳаракат қилардим. “Ҳаёт шундай”, дердим. Аслида ҳаёт бундай эмас экан. Мен ҳаётни бузган эканман.
Бир куни тонг саҳарда бутун қишлоқни ларзага солган хабар келди: 4-синф ўқувчиси ўзини осибди. Шифохонага олиб кетишган. Кейин билсам, бу менинг болам экан.
Кўзига ёш олган суҳбатдошимни тинглар эканман, ундан нафратланишни ҳам, тасалли беришни ҳам билмасдим.
- “Қиморбознинг ўғли” деган лақаб, масхара, нафрат боламнинг кичик юрагига сиғмаган, - деди ҳамроҳим кўз ёшини артиб. - У эса мендан фарқли ўлароқ виждонли экан.
Орадаги сукунатдан сўнг суҳбатдошимдан сўрадим:
- Оилангиз билан ярашдингизми?
- Ҳа. Улардан кечирим сўраб, уйга қайтардим. Қиморни, ичкиликни бутунлай ташладим. Хорижда ишлаб қарзларимни уздим. Бугун бу воқеаларнинг ҳаммаси ўтмишда қолди. Ҳозир оилам ёнимда, фарзандим мактабда энг зўрлардан. Энг муҳими, мен энди инсонман.
Фазлиддин Рўзибоев.