Қирғизистоннинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири ҳибсга олинди
Қирғизистоннинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чолпонбаев масъулиятсизлик ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг иқтисодий жиноятлар билан курашиш давлат хизмати матбуот хизмати хабарига таяниб, “Sputnik Қирғизистон” маълум қилди.
Давлат хизматининг маълум қилишича, соғлиқни сақлаш вазирлигидаги мансабдор шахслар “халқ ва давлат манфаатларига зид равишда” тавсия олиш хизматлари билан самарасиз шартномалар имзолаган ва шу орқали давлат бюджетига қарийб 9 миллион сом (Қирғизистон пул бирлиги) миқдорда зарар етказган.
Чолпонбаев 2018 йилда соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган эди. 2020 йилнинг март ойида Қирғизистон хавфсизлик кенгаши коронавирус инфекцияси билан етарли даражада кураш олиб борилмагани сабабли Бош вазирга ҳукумат аъзоларига нисбатан чора кўрилишини тавсия қилди.
1 апрель куни Чолпонбаев ўз ихтиёри билан лавозимидан озод этилган.