Қишда нима бўлади?

Ҳали қиш бошланмай туриб, биринчи қордаёқ коммунал хўжалик билан боғлиқ бир қатор муаммо ва камчиликлар юзага чиқиб турган пайтда шу савол ҳаммани ўйлантириши табиий.

Негаки, кейинги уч кунда ижтимоий тармоқларда, ўзаро суҳбатларда электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ таъминотидаги узилишлар, йўлларнинг ҳолати бўйича эътирозлар кўпайгандан кўпайди. Мутасадди идоралар, раҳбарларга ҳам бу борадаги мурожаатлар бугун ҳар қачонгидан кўп.

Иссиқлик таъминоти ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Сабаби, Самарқанд шаҳридаги, шунингдек, бошқа туман ва шаҳарлардаги деярли барча кўп қаватли уйлар марказлашган иситиш тизимидан узилганига бир неча йил бўлди (кейинги йилларда янги қурилган, ҳар бир хонадон алоҳида иситиш тизимига эга кўп қаватли уйларда бундай муаммо йўқ).

Шундай бўлгач, аҳоли хонадонини қандай иситади? Албатта, электр энергиясидан ҳар қачонгидан кўпроқ фойдаланади. Бунда ҳам тўловига чидаса. Чунки ҳозир янги, замонавий электр ҳисоблагичлардан фойдаланиш тизимига ўтилгач, аввалгидек “қўлимга пул тушса, тўлайман”, деган гап йўқ. Тармоққа ноқонуний уланиб, ўғринча фойдаланишга, ҳисоблагични “орқага айлантириш”га барҳам берилган. Худди бошқа истеъмол маҳсулоти харид қилганингиздек, эҳтиёжингизга қараб пул тўлайсиз ва электр энергиясидан фойдаланасиз. Аслида, истеъмолчининг асосий эътирози ҳам шунда – “свет учун пулни тўлаб қўйганман, нега узлуксиз ёқиб қўйилмайди?”.

Яқинда Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг янги раҳбари журналист ва блогерлар иштирокида пресс-тур ташкил этиб, тизимдаги янгиликлар, муаммолар ва вазифалар ҳақида маълумот берганди. Ўша мулоқот чоғида янги бошлиқ Самарқандда электр энергияси билан боғлиқ кўп масалалар Тошкент орқали ҳал этилаётгани ва уларнинг ваъдаларидан келиб чиқиб, бундан буён вилоятда электр энергиясида бир соатдан ортиқ узилиш бўлмаслигини айтганди. Афсуски, янги раҳбарга берилган ваъданинг ҳақиқатга қанчалик яқинлиги ёки йироқлиги кейинги кунларда яққол намоён бўлди.

Дарвоқе, пресс-турга электр энергиясини магистрал электр тармоқлари орқали етказиб беришга масъул ҳисобланган миллий электр тармоқлари корхонасининг вилоятдаги мутасаддиси ҳам таклиф этилган экан. Мутасаддидан нима учун вилоят эҳтиёжига яраша электр энергияси етказиб берилмаётгани ва тармоқда узилишлар кўп бўлаётгани ҳақида сўраганимизда, у буни “аҳолининг истеъмол маданияти” билан боғлаб жавоб беришга уринди. Кейинги саволларга эса “буларга бош муҳандис келиб жавоб беради”, деганча жуфтакни ростлаганди. Аммо ўша куни на бош муҳандисдан ва на бошқа масъулдан дарак бўлганди.

Хуллас, бугун электр энергиясидаги узилишлар шаҳар учун ҳам, қишлоқ учун ҳам муаммога айланди. Бунга берилаётган жавоб ҳам аниқ – истеъмол ошиб кетди, тармоқлар кўтаролмаяпти, иссиқлик станциясида авария бўлди...

Ҳаво совуб кетгач, албатта, эҳтиёж ортади-да. Бунинг устига, юқорида қайд этганимиздек, табиий ёки суюлтирилган газ етказиб бериш, иссиқ сув ёки иссиқлик таъминоти билан боғлиқ муаммо бўлмасаки, ҳамма юк электр энергиясига тушмаса?! Нега мавсумга тайёргарлик чоғида бу жиҳатлар эътиборга олинмайди?

Энди газ масаласида. Бугунга келиб аҳоли ҳаво ҳарорати пасайиши билан газ босими ҳам тушиб кетишига ўрганиб қолди. Кўпчилик газдан умидини узиб, имкон қадар, кўмир, ўтин ғамлашга одатланяпти. Қишлоқда, ҳовлида яшаётганлар учун бунинг имкони бор. Лекин кўп қаватли уйларда-чи? Бу хонадонларда аҳоли ноиложликдан газ плитасини ёқиб (бор бўлса, албатта) уйини иситишга мажбур бўлади. Натижада ис газидан заҳарланиш, ёнғин каби кўнгилсиз ҳолатлар юзага келади.

Кеча бир ҳамкасбимиз “газ паст, свет светофор бўлиб қолди, бешинчи қаватдаги уйим музхонага айланиб боряпти. Бу кетишда қишни қишлоқда ўтказаман шекилли. Ҳар ҳолда, уйда печка, сандал қурса бўлади”, деди. Айтишича, қишни шаҳарда ўтказасизлар, деб кекса ота-онасини уйига олиб келган экан, вазиятни кўриб, қишлоққа қайтиб кетишибди.

Коммунал соҳадаги бугунги ҳолатга, юзага келаётган муаммоларга сабаблар бисёр. Шу билан бирга ҳар бир соҳанинг ўзини оқлашига ёки муаммоларини тан олишига ҳам омиллар жуда кўп. Лекин бугун аҳолини айб кимда ёки қайси тармоқда эканлиги эмас, муаммоларнинг ечими қизиқтиради, қишда нима бўлади, деган савол ўйлантиради. Умидимиз, қиш остонасидаги дастлабки синов мутасаддиларни ҳам ўйлантираётган, улар учун огоҳлик қўнғироғи бўлсин-да!..

Ғолиб ҲАСАНОВ.