Қишлоқ болалари учун логопед керак

Фарзанд тарбияси — ҳар бир жамиятнинг энг муҳим ва масъулиятли вазифаларидан бири. Зеро, боланинг эртанги куни бугунги яратилган шароит, берилган эътибор ва тўғри йўналтирилган тарбияга бевосита боғлиқ.

Шу маънода, фарзандларимизни ҳар томонлама етук, соғлом ва билимли қилиб тарбиялаш учун пойдеворни айнан кичик ёшдан бошлаб мустаҳкам қўйиш зарур.

Бугунги кунда шаҳарларда давлат ва нодавлат боғчалар, мактаблар ҳамда турли ўқув марказлари жадал ривожланиб бормоқда. Уларда замонавий жиҳозлар, илғор таълим технологиялари, малакали мутахассислар жамланган. Болалар эрта ёшданоқ сузиш, рақс, спорт ва турли фан тўгаракларига қатнашиб, ўз қобилиятини ривожлантириш имконига эга.

Бироқ шу имкониятлар барча ҳудудларда бирдек таъминланган, деб айтиш қийин. Айниқса, чекка қишлоқ жойларда бу масала долзарблигича қолмоқда. Баъзи қишлоқларда боғчалар етарли эмас, мавжудларида эса шарт-шароитлар талаб даражасидамас. Мактабларда малакали ўқитувчилар етишмаслиги ҳам таълим сифатини тўлиқ таъминлашга тўсқинлик қилмоқда.

- Алоҳида эътибор талаб этадиган жиҳатлардан бири болалар нутқидаги камчиликларни бартараф этиш масаласидир, – дейди Қўшработ туманининг олис маҳаллаларидан бирида яшовчи танишим. – Логопед хизматларининг етишмаслиги сабабли айрим оилалар фарзандларини вилоят марказларига олиб боришга мажбур бўлмоқда. Бу эса вақт ва маблағ жиҳатидан қийинчилик туғдириб, баъзан болаларнинг таълим жараёнидан ортда қолишига ҳам сабаб бўлади. Айниқса, имконияти чекланган оилалар учун бу масала янада мураккаб.

Шу нуқтада табиий савол туғилади: барча болалар учун тенг имкониятларни қандай таъминлаш мумкин? Чунки болаликда олинган билим ва кўникмалар инсоннинг бутун ҳаётига таъсир кўрсатади. Қишлоқ болалари ҳам ўз қизиқишлари ва иқтидорини ривожлантириш имконига эга бўлиши керак эмасми?

Мулоҳаза сифатида айтиш мумкинки, чекка ҳудудларда давлат стандартига жавоб берадиган боғчалар, мактаблар, ўқув марказлари ва айниқса, логопед каби мутахассислар фаолиятини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Бу нафақат таълим сифатини оширади, балки ижтимоий тенгликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Яна бир муҳим жиҳат – қишлоқдан етишиб чиққан мутахассисларнинг ўз ҳудудига қайтиб, шу ерда фаолият юритишини рағбатлантиришдир. Зеро, улар ўз юртининг эҳтиёжини яхши билади ва шу асосда самарали иш олиб бориши мумкин.

Албатта, сўнгги йилларда айрим ҳудудларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Янги ўқув марказлари ташкил этилмоқда. Аммо боғча ёшидаги болалар билан ишлайдиган мутахассислар, хусусан логопедлар ҳали ҳам етарли эмас.

Фарзандлар – келажагимиз. Уларнинг баркамол бўлиб улғайиши эса фақат ота-онанинг эмас, балки бутун жамиятнинг вазифасидир. Шу боис, ҳар бир болага тенг имконият яратиш йўлида барчамиз бирдек масъулмиз. Ана шундагина юртимиз келажаги янада порлоқ бўлади.

Н.Каримова,

СамДПИ ўқитувчиси.