Қишлоқ ёшларининг ҳақиқий суянчиғи, тажрибали чорвадор Тошбўри Қиличев маърифатга ошно эди

Тошбўри Раҳимович билан 30 йилга яқин бирга ишладик. Ёш мутахассис чорвачилик соҳасидаги деярли барча босқичларни ўтади: амалиётчи, оддий ходим, кичик ветеринар, бош ветеринар ва ниҳоят вилоят қоракўлчилик бирлашмасининг раҳбари даражасигача бўлган йўлни босиб ўтди.

Биз қишлоқ хўжалиги, хусусан, чорвачилик юзасидан кўп бор суҳбатлашганмиз, вақти келганда мен, кейинчалик у киши бир-биримизга раҳбар бўлдик, бир-биримиздан ўргандик, бир-биримизга ўргатдик.

Т.Қиличев меҳнат фаолияти давомида вилоятда ўзига муносиб мартабага эриша олди. Нуробод туманининг биринчи раҳбари, вилоят ижроқўмининг ва нафақага чиққач, вилоят ветеринария бошқармаси бошлиғи вазифаларида ишлади. Тошбўри Раҳимовичнинг битта фазилатига - ўз соҳасида янгиликка ўчлигига, кўп китоб ўқишига, тартиб-интизомига, одамлар билан доимо хушчақчақ муомала қилишига ҳавасимиз келган. Шу сабабли бир-биримизнинг даврамизга интилиб яшаганмиз. Хусусан, вилоятнинг энг олис "Қарнабота" хўжалигида раис бўлганида вилоятда қоракўл қўйлари сонини бир миллиондан ошириш баробарида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшди. Қоракўлчилар вилоят идорасини бошқарганда эса терининг ноёб навларини кўпайтира олди, чўпон-чўлиқларнинг манфаатдорлигини кўтарди. Шу сабабли раҳбарият назарига тушиб, пиллапоялардан муваффақиятли ўтиб, вилоят ҳокимининг ўринбосари даражасига етишди.

Тошбўри Раҳимович кўп бадиий китоб ўқиш билан бирга ижодкорлар билан жуда яқин эди. Унинг хонадонида ёки ишхонасида доимо таниқли шоирлар ва ёзувчи, журналистларга дуч келардик. Асарлар муҳокамасида ҳам худди адабиётчилар каби иштирок этарди. Шу сабабли вилоятдаги ижодкор зиёлилар ўртасида яхшигина обрўга эга эди.  Бундан ташқари, давлатимизнинг бир қанча орден ва медаллари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор унвони бу инсоннинг салоҳиятининг ифодасидир.

Т.Қиличев шогирдпарварлиги туфайли кўплаб ёш мутахассисларга ўзини кўрсатиши учун имконият яратди. Айниқса, қишлоқ ёшларининг ҳақиқий суянчиғи бўлди. Бинобарин, фарзандларини ҳам замонамизга муносиб қилиб тарбиялади ва уларнинг барчаси бугун эл хизматида.

Абдушукур МУҲАММАДҚУЛОВ,

меҳнат фахрийси.