Қорасувга Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хизматчилари кўчиб келди
Самарқанд шаҳрининг янгидан бунёд этилаётган Қорасув массивида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳудудий бошқармалари хизматчилари учун қурилган иккита қўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.
Кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Э.Турдимов, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони ўринбосари, полковник Ш.Шокиров давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2018 йилда қурилиш-бунёдкорлик ишлари бошланган бу масканга кўчиб келаётган хизматчиларни янги маҳалла, янги уй-жой билан табриклади.
Миллий гвардиянинг 30 нафар, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 20 нафар ходимларига янги уйларнинг калитлари тантанали топширилди.
– Бир неча йилдан буён ўз уйимиз бўлишини орзу қилардик, – дейди миллий гвардия хизматчиси Ф.Абдуниёзов. – Мана бу янги уй сафдошларим қатори, бизнинг оила учун ҳам жуда катта совға бўлди. Бунинг учун Президентимиздан, вилоятимиз раҳбарларидан миннатдормиз. Энди оиламиздан кўнглимиз тўқ ҳолда барча эътиборни Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигига қаратиб, зиммамизга юклатилган вазифаларни бажаришга астойдил ҳаракат қиламиз.
Жорий йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрган Президент Шавкат Мирзиёев мазкур массивда бўлиб, бу ерда бунёд этилган янги уйлардаги шарт-шароит билан танишган ҳамда кўп қаватли уйлар қурилиши кўламини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган эди.