"Қоратепа" атрофидаги чиқиндилар муаммо келтиряптими?

Бугунги кунда Ургут туманидаги "Қоратепа" сув омбори сайёҳлик маскани сифатида тобора оммалашмоқда.
Бу ерга келувчилар сони кундан кунга ортиб, нафақат маҳаллий аҳоли, балки хориждан ташриф буюрувчи сайёҳлар учун ҳам севимли дам олиш масканига айланиб боряпти. Ҳар ҳафта минглаб меҳмонлар бу гўзал масканга ташриф буюриб, ҳавзанинг зилол сувлари, табиатнинг бетакрор манзараларидан баҳра олмоқда. Тадбиркорлар томонидан сув омбори атрофида мароқли ҳордиқ чиқариш учун етарли шароитлар яратиб қўйилган. Хавфсиз чўмилиш ҳудудлари, ҳавзада сузиш учун ўнга яқин қайиқлар дам олувчилар хизматида.
Бироқ ҳудудда табиат гўзаллигини асраш, ундан оқилона фойдаланиш масаласи куннинг муаммосига айланиб бормоқда. Чунки, сув омбори атрофи борган сари турли маиший чиқиндилар билан тўлиб бормоқда. Дам олувчилар томонидан ташлаб кетилаётган бир марталик идишлар, целлофан пакет ва пластик буюмлар ҳудуд экологиясига жиддий зарар етказмоқда. Бундай чиқиндилар нафақат ер, балки ҳавонинг ифлосланишига ҳам олиб келмоқда.
Маълумотларга кўра, агар ҳафтасига ўртача 2000 нафар меҳмон "Қоратепа"га ташриф буюрса ва уларнинг ҳар биридан 5 донадан чиқинди қолса, 3 ой давомида камида 10 тонна чиқинди тўпланар экан. Бу эса жиддий экологик муаммога олиб келиши мумкин.
Бу ҳолатга Қоратепа ҳудудида яшовчи аҳоли, маҳалла, вилоят ва тумандаги мутасадди ташкилотлар бефарқ қараб туришлари керакми? Aлбатта, йўқ. Бу муаммонинг ечими фақатгина бир томоннинг эмас, балки жамиятнинг барча қатламларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари билангина ҳал бўлади.
Энг аввало, дам олувчилар сайёҳлик маданияти ва масъулиятини ҳис этишлари керак эмасми? Табиат қўйнида мириқиб дам олгач, ўзларидан қолган озиқ-овқат қолдиқлари ёки маиший чиқиндиларни ташлаб кетиш маданиятсизлик-ку. Наҳотки, уларни тўплаб, махсус ажратилган жойларга ташлаш шунчалик қийин бўлса? Нима учун маҳалла ёки экология ва табиатни муҳофаза қилувчи ташкилотлар бу борада назоратни кучайтиришмаяпти? Назоратчиларнинг дам олувчилар билан учрашиб, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришларига нима тўсқинлиқ қилади? Ахир, тумандаги «Тоза ҳудуд» ДУКнинг чиқинди ташувчи машиналари 2-3 кунда бир марта келиб чиқиндилардан тозалаб кетишса, олам гулистон бўлади-ку.
Aвазбек Ҳамроқулов, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.