Қўшработ “маданият”и қачон ривожланади?

Байрамлар бўлмаса Қўшработ тумани маданият бўлими борлиги сезилмайди. Байрамларда эса маданият бўлимининг овоз кучайтиргич ускуналари йўқлиги, бори ҳам яроқсизлиги яққол сезилади.

Кейинги йилларда Қўшработ марказидаги Мустақиллик кўчасининг ҳар икки томонида эски иморатлар янгиланди, қўшимча замонавий бинолар қурилди.  Аммо туман маданият бўлими эътибордан четда қолмоқда. Боз устига, бу ташкилотда маданият бўлимига мутахассислар ҳам етишмайди.

Бугунги кунда бўлимда 44 нафар ходим фаолият юритаётган бўлса, шундан 50 фоизини номутахассис кадрлар ташкил этади. Самарқанд шаҳридаги ихтисослаштирилган санъат мактабида ўқитувчилик қилаётган Анвар Ибрагимовни инобатга олмасак, туман тарихида таниқли санъаткор ёки республика кўрик-танловларида ғолиб бўлган қўшработликни топиш қийин.

- Маданият соҳаси ходими маданиятли, масъулиятли, фидойи бўлиши керак, - дейди туман ҳокими ўринбосари Х.Кўбаев. – Қўшработда эса ўз касбининг устаси бўлган, санъат йўналишида ютуқларга эришган мутахассисларни топиш қийин. Туман тарихи ва маданиятини яхши биладиган, замон билан ҳамнафас яшайдиган кадрларга эҳтиёж катта. Ҳудудимизда 4 та маданият маркази бўлса, ҳеч бирининг фаолияти қониқарли эмас. Жойларда ташкил этилаётган маданий тадбирлар кўнгилдагидек ўтмайди. Бугунги кунда Президентимиз томонидан соҳага алоҳида эътибор қаратиляпти. Фақат бу имкониятлардан оқилона фойдаланиш керак.

Туманда иқтидорли, санъатга қизиқувчи болалар кам эмас, аммо уларни излаб топиш ва иқтидорини юзага чиқариш талаб этилади.  

- Бўлим қошидаги тўгаракларга ҳаваскор ёшлар қатнашади, аммо мактаб дарслари ва уй юмушларига улгурмаётганлигини баҳона қилиб машғулотларга келмай қўяди, - дейди туман маданият бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Э.Холбоев. – Аслида уларни қизиқтириш бизнинг вазифамиз. Шунингдек, бунда ота-оналарнинг ҳам ўрни бор. Биноларимиз эски, мусиқа асбобларимиз етишмаслиги ҳам олдимиздаги катта муаммо. 2022 йилда бўлим учун замонавий бино қурилиши режалаштирилган. Шунда янги мусиқа асбоблари ҳам келтирилади, деган умиддамиз.

Бу яхши, албатта. Аммо янги бино қурилиб, уни замонавий жиҳозлар ва асбоб-ускуналар билан таъминлаган билан бирор натижага эришиб бўлармикан?! Бунинг учун тажрибали, жонкуяр кадрлар зарур эмасми?

Вилоят марказларида катта-катта тадбирларни ўтказадиган режиссёрлар, уларда иштирок этадиган тажрибали санъаткорлар чекка туманга ишга таклиф қилинса, қишлоқ шароитида меҳнат қилишга рози бўлмаслиги табиий. Ҳеч бўлмаса, шу олис ҳудудларда ўтказиладиган байрам тадбирларида, кўрик-танловларда бош-қош бўлиб турса, қишлоқ одамларининг ҳам шаҳардагидан қолишмайдиган кўнгилочар дастурларни томоша қилишига, ҳаваскор ёшларнинг санъатга қизиқишининг ортишига, орзулари ушалишига сабаб бўлармиди?

Дилноза Ҳасанова.