Қўшработ ва Пайариқ туманлари Шэньси тажрибаси асосида ривожлантирилади

2 сентябрь куни Самарқандга ташриф буюрган Хитой Халқ Республикасининг Шэньси провинцияси партия қўмитаси котиби Чжао Иде бошчилигидаги делегация куннинг иккинчи ярмида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан учрашди.

Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги асосий йўналишлар бўйича ўзаро фикр алмашилди.

- Самарқанд  ва Шэньси провинцияси ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстлик алоқалари қадимий асосга эга, бугунги ташриф буни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, - деди вилоят ҳокими Э. Турдимов. – Президентимиз Хитой Халқ Республикаси Раиси билан мулоқотлари давомида ушбу тарихий ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, ижтимоий-иқтисодий алоқаларни янги босқичга кўтариш ҳақида кўрсатма берган эди. Шу асосда амалга оширилаётган ҳамкорлик йил сайин ривожланиб бормоқда. Бугун Самарқанд шаҳри марказида жойлашган Конфуций майдони самарқандликларнинг севимли масканларидан бирига айланган. Ижтимоий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама алоқалар жадал ривожланмоқда. Айни пайтда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ҳар икки томон учун долзарб аҳамият касб этади. Бу икки мамлакат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувларида бир неча бор таъкидланган эди. Шу боис, Шэньси провинциясининг камбағалликни қисқартириш, саноатни ривожлантириш борасидаги тажрибасини вилоятимизнинг Қўшработ ва Пайариқ туманларида жорий этган ҳолда ишбилармон доира вакилларини манфаатли ҳамкорликка чорлаймиз. Бу ҳар икки томон учун айни пайтда ўта муҳим деб ўйлайман. Шунингдек, икки томон ишбилармонларининг алоқаларини мустаҳкамлаш учун алоҳида йўл харитаси ишлаб чиқиб, уларнинг мунтазам фикр алмашиши учун ишчи гуруҳ тузиш ҳам мақсадларимизнинг амалиётга жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.

Учрашувда Шэньси провинцияси  партия қўмитаси котиби Чжао Иде самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Эркинжон Турдимов томонидан билдирилган ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

- Мамлакатларимиз раҳбарлари ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида билдирган ташаббуслари икки халқ ўртасидаги қадимий дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда, - деди жаноб Чжао Иде. – Буни бугунги ташриф давомидаги самимий мулоқотларимизда кўриб, гувоҳ бўляпмиз. Биз барча соҳалардаги ҳамкорликдан манфаатдормиз. Шу боис, Самарқандда Шэньси провинциясининг консуллигини ташкил этиш ўзаро ҳамкорлигимизни, икки халқ ўртасида дўстлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Мулоқот давомида Самарқанд ва Шэньси ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари борасидаги қатор таклифлар ўртага ташланиб, келгусида эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Учрашувдан сўнг Эркинжон Турдимов ва Чжао Иде Самарқанд вилояти ва Шэньси провинцияси тадбиркорларининг бизнес-форумида иштирок этишди. Форум очилиш маросимида сўзга чиққан раҳбарлар ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик қадимда ишбилармон доира вакиллари томонидан амалга оширилганлигини таъкидлаб, бугунги кундаги манфаатли алоқалар ҳар икки томон тадбирларининг ўзаро ҳамкорлигига боғлиқ эканлигини қайд этишди. Шу боис, форум доирасида белгиланган мулоқотларда ҳар икки томон вакиллари фаол бўлиб, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларни амалга оширишлари лозимлигини таъкидлашди.

Самарқанд вилояти ва Шэньси провинцияси тадбиркорларининг бизнес-форумида ҳар икки томон ишбилармонлари ўз тақдимотларини намойиш этиб, таклифларини ўртага ташлашди. B2B кўринишидаги мулоқотлар давомида қатор лойиҳалар муҳокама қилинди.

Бизнес форум якунида икки томонлама ҳамкорликка оид  меморандумлар имзоланди.

Чжао Иде бошчилигидаги делегация вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамроҳлигида Конгресс марказда яратилган шароитлар ҳамда Боқий шаҳар мажмуаси билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида меҳмонлар Археология институти, Регистон ансамбли ва Мирзо Улуғбек расадхона мажмуасида ҳам бўлди.

А. Исроилов.