Қўшработдаги Оқтепа тепалигида қадимий тамаддун излари аниқланди

Хабар бериб бораётганимиздек, пастдарғомлик ўқитувчи Акмал Хамраев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг “Бир гумбаз остидамиз” акцияси доирасида тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва қадамжолар атрофларига турли дарахт кўчатлари ва уруғларини экмоқда.

У Қўшработ туманидаги масжид ва зиёратгоҳлар атрофида дарахт ва уруғлар экиш жараёнида Оқтепа қишлоғидаги  “Оқтепа” тепалиги атрофидан сопол буюмлар парчалари, вертикал ва горизонтал ерости йўлаклари, ғиштдан терилган деворларга гувоҳ бўлди.

- Тепалик қадимий ва улуғвор кўринишга эга бўлиб, доим шамол эсиб туради, ёнидан эса Оқсой оқиб ўтади, - дейди АХамраев. -  Тепалик атрофида кўплаб сопол буюмлар парчалари ва ерости йўлакларининг мавжудлиги ҳудуднинг қадимий тарихга эга эканлигидан далолат беради.

Ертўлалар ичини кузатар эканман, қадимий тамаддун излари, жумладан, хом ғишт қолдиқлари, одам суяклари ҳамда кўплаб сопол буюмларга дуч келдим. Бу эса мазкур ҳудуд ўтмишда йирик аҳоли маскани ёки тарихий манзил бўлганини кўрсатади. Шунингдек, тепалик ёнида, сой бўйида қадимий ҳумдон қолдиқларини ҳам кўриш мумкин.

Қишлоқ атрофидаги Оқтош қабристонида тахминан XVII–XVIII асрларга оид катта оқ рангли қабртошлар ҳамда XIX асрга мансуб ёдгорликлар мавжуд экан. Эътиборимни тортгани, ҳудуддаги Кирким қабристонидаги қабртошларда турли геометрик нақшлар, айниқса, “Фалак — Гардиш — Чархпалак” тимсоллари тасвирлангани бўлди. Бу белгилар аждодларимизнинг ҳаёт фалсафаси — туғилиш ва ўлим, нур ва соя, ҳаётнинг абадий айланиши ҳақидаги қарашларини ифодалайди. Қизиғи, бундай рамзлар Туркманистон, Кавказ, Туркия ва ҳатто Арманистон ҳудудларидаги қабртошларда ҳам учрайди. Бу эса халқлар тарихи ва маданиятининг ўзаро узвий боғлиқ эканлигини кўрсатади.

Оқтепа тепалиги ва ундаги ертўлаларда сақланиб қолган тарихий ашёлар мутахассислар томонидан ўрганилса, тарихий маскан ҳақида аниқ далиллар ойдинлашарди.