Қўшработга «ЎзМобайл» 2021 йилда боради, интернет яхшиланади
Жорий йилнинг 16 декабрь куни Zarnews.uz сайтида “Қўшработга «ЎзМобайл» қачон келади?” сарлавҳаси билан эълон қилинган халқ депутатлари Қўшработ тумани Кенгаши, 30-Жонбулоқ сайлов округи депутати Омон Ҳайитов томонидан Қўшработ тумани, Жонбулоқ маҳалласига “ЎзМобайл” операторининг GSM стандартидаги база станциясининг ўрнатиб берилишида амалий ёрдам сўралган мурожаати ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида Қўшработ тумани Жонбулоқ маҳалласи ҳудудида барча мобил алоқа операторларининг сигнал сатҳлари ўрганилган. Ўлчов натижаларига кўра маълум бўлишича, Жонбулоқ маҳалласи тоғли ҳудудда жойлашгани ва ҳудуднинг рельефи нотекис қирликлардан ташкил топганлиги сабабли, мазкур ҳудудда барча мобил алоқа операторларининг GSM стандартидаги сигнал сатҳлари мавжуд эмас. Аммо ушбу ҳудудда “ЎзМобайл” филиалининг CDMA стандартидаги сигнал сатҳлари алоқа ўрнатиш учун етарли даражада. Шунингдек, филиалнинг EVDO технологиясидаги сигнал сатҳлари ҳам бу ерда интернет хизматларидан фойдаланишда қўл келади.
“ЎзМобайл” филиали томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, Жонбулоқ маҳалласи ҳудудида филиалнинг янги GSM стандартидаги база станциясини ўрнатиш 2021 йил тармоқни кенгайтириш режасига киритилганлиги билдирилган.
Д.ХЎЖАМБЕРДИЕВ,
Ахборот технологиялари ва комуникацияларни ривожлантириш Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи.