Қотиллик ва оғир тан жароҳати етказиш ўзаро келишмовчилик ҳамда низолар оқибатида содир этиляпти

Бу ҳақда кеча бўлиб ўтган халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши сессиясида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳмонов маълум қилган.

Сессия ишида вилоят ички ишлар органларининг 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш борасидаги фаолияти тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинган.

Ушбу масала бўйича вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳмонов ахборот берган.

Ахборотда қайд этилишича, ўтган ҳисобот даврида мавжуд 1095 та маҳалланинг 523 тасида ёки 47,8 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган. Шунингдек, 239 маҳаллада жиноятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайган.

Йилнинг ўтган 9 ойи давомида ички ишлар органларига 21 528 та мурожаатлар келиб тушиб, уларнинг 19686 таси ёки 90,9 фоизи қаноатлантирилган. Бундан ташқари, 6959 та мурожаатлар бўйича тушунтиришлар берилган бўлса, 1034 та мурожаатларда билдирилган важлар ўз тасдиғини топмаган.

Вилоятда жорий йилнинг 9 ойида оғир турдаги жиноятлар 142 тага (441-299), ўрта оғир турдаги жиноятлар 19 тага (168-149) камайган.

Ҳисоботда қайд этилишича, юқорида келтирилган ижобий натижалар билан бир қаторда олиб борилаётган профилактик тадбирлар айрим ҳудудларда ўзининг ижобий самарасини кўрсатмаган. Хусусан, Булунғур, Нарпай, Пайариқ ва Ургут туманларида ўта оғир жиноятларнинг ўсишига йўл қўйилган.

Ё.ГАДОЕВ.