Қозоғистонда қор бўрони ва совуқ ҳаво туфайли йўлларнинг 130 га яқин участкаси ёпилди, трассаларда қолиб кетган одамларга ёрдам кўрсатилмоқда
Қозоғистонда об-ҳаво шароитининг ёмонлашуви муносабати билан республика ва вилоят аҳамиятидаги йўлларнинг 127 та участкаси ёпилди, деб хабар берди бугун мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
“Об-ҳаво шароитининг ёмонлашиши (бўрон, ёмон кўриш, қор ёғиши) туфайли 127 та йўл участкаси ёпилган, шундан 49 таси республика ва 78 таси ҳудудий аҳамиятга эга йўллардир”, дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сайтида эълон қилинган хабарда.
Йўллардаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича республика штаби тузилди, вилоятларда ҳам шундай штаблар фаолият юритмоқда, дея таъкидлади бошқарма.
Айтилишича, йўлларнинг ёпиқ участкаларида 838 та вақтинчалик иситиш пунктлари тайёрланган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, назорат-ўтказиш пунктларида 600 та автомобиль тўпланиб қолган.
Йўл хизматлари йўл қисмини тозалаш ишларини олиб бормоқда. Қутқарув ишларига жами 1000 га яқин одам ва турли бўлимлардан 600 га яқин техника жалб этилган. Кун давомида қутқарув бўлинмалари томонидан Жамбил, Туркистон, Қўстанай, Қарағанда ва Абай вилоятлари трассаларидан 690 дан ортиқ одам қутқарилган ва эвакуация қилинган.