Қозондан “учиб кетган” парранда, фамилияси иккита болалар. Жомбойдаги бундай ҳолат “Адолат” СДП фаоллари эътиборига тушди

Иллюстратив фото

Аслида бу масала доимий эътиборни, ўз навбатида жамоатчилик назоратини талаб қилади. Негаки, таълимни ривожлантириш, тизимда сифат ва самарадорликни ошириш масаласига давлатимиз раҳбари томонидан ҳам алоҳида ғамхўрлик қилинмоқда.

Афсуски, бу барча жойда бирдек кутилган натижани бермаяпти. Ушбу фикрга Жомбой туманидаги мактабгача таълим муассасаларидаги ҳолат яққол мисол бўла олади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Жомбой тумани Кенгашидаги депутатлик гуруҳи ташаббуси билан ўрганишларда шундай фикрга келинди. Жумладан, 1- ва 7-давлат мактабгача таълим ташкилотларида умумий камчиликлар мавжуд. Бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Аммо 19-ДМТТдаги ҳолат кишини ташвишга солади: ўйин майдончалари носоз, ҳудуд ободонлаштирилмаган. Ташкилот ҳовлисига ҳатто бир туп гул ҳам экилмаган.

Бошқача айтганда, болада эстетик дид, табиатга меҳр, эзгуликка муҳаббат уйғотиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмаган. Аслида юқоридаги камчиликни тўғрилаб, эртак қаҳрамонлари, турли жониворлар ёки ўсимлик макетларини ўрнатиш, деворларга суратлар тушириш орқали ҳам ушбу мақсадга эришиш мумкин.

Тарбиячилар савияси тарбия сифатига таъсир кўрсатмай қолмайди. Шу маънода танлов асосида кичик гуруҳ ўрганилди. Гуруҳ рўйхатида 31 нафар тарбияланувчи қайд этилгану, амалда 35 нафар бола тарбияланмоқда. Бундан ташқари, иш вақти бўлишига қарамай 3 нафар ходимни топишнинг имкони бўлмади.

Тиббий хизмат фаолиятини ҳам қониқарли баҳолаб бўлмайди. Қоидага кўра, тарбия масканларида 20 турдаги дори-дармонлар бўлиши талаб этилади. Бироқ зарур дори-дармонлар охирги марта 2020 йилда келтирилган.

Ачинарлиси, нафақат 19-, балки бошқа тарбия масканларида ҳам бу борада вазият бир хил.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ва рационга амал қилиниши таҳлил қилинганда норасидалар ҳақига “қўл узатилиши” ҳамон давом этаётганига гувоҳ бўлдик. "Меню"даги овқатга солинган “9 килограмм мол гўшти” ёзувини бўяб, “18 килограмм товуқ гўшти”га айлантирилганини қандай изоҳлаш керак? Текширилганда эса қозонга 8 килограмм парранда гўшти солингани ойдинлашди. Савол туғилади, 10 килограмм парранда гўшти қаёққа “учиб кетган”?

Ўрганилган куни муассасага 40 литр сут қабул қилинган. Ҳужжатларда эса 54 литр кўрсатилган...

Фаолияти ўрганилган 3-, 12-, 14-давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги вазият янада оғир. Мисол учун, 14-боғчада нақд 12 нафар бола ҳужжатсиз тарбияга жалб этилган.

12-давлат мактабгача таълим ташкилотидаги манзара ғаройибликда “бетакрор” бўлди:

– Маржона!

Чақириққа уч ёшли қизалоқ иккиланиб, секингина “мен”, деди. Шу пайт ёнидаги бошқа бола “Бу Маржонамас, Маржона келмаган” деди. Асли исми Тоҳир бўлган болакайнинг Ҳасан бўлиб туриши ҳайратимизни янада оширди. Шу зайл 7 нафар боланинг исми тарбиячилар томонидан “вақтинча” ўзгартириб турилгани маълум бўлди.

Тарбиячи “бу болаларнинг исми иккитадан, шунга адашишди” деб вазиятни хаспўшлашга уринди. Аммо болакайлар ўртоғининг нафақат исми, балки фамилиясини ҳам биларкан. Балки фамилияси ҳам иккитадир?..

Албатта, ўрганиш натижалари халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида муҳокама этилди. Сессияда аниқланган камчиликлар бўйича туман мактабгача таълим бўлими мудирига қатъий огоҳлантириш берилди, 12-, 19-, 6-, 25-, 24-, 3-ДМТТ директорларига навбатдаги интизомий чора кўриш таклифи киритилди. 7-, 30-, 16-ДМТТлари мутасаддилари эса фаолиятини яхши йўлга қўйгани учун рағбатлантирилиши белгиланди.

Комила Умарова,

халқ депутатлари Жомбой тумани Кенгаши депутати.